Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларини белгилаш

ҚОИДАЛАРИ

Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларини белгилаш қоидаларини белгилайди.

Мазкур Қоидалар Тошкент давлат юридик университети, ҳарбий олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини юритаётган халқаро ва хорижий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари таркиби (бундан буён матнда профессор-ўқитувчилар деб юритилади) меҳнатини нормалаштириш ҳар ўқув йили учун профессор-ўқитувчилар ва кафедра мудири томонидан тузиладиган ҳамда проректорлар билан келишилган ҳолда ўқув ишлари бўйича проректор (факультет декани) томонидан тасдиқланадиган ўқув йили бўйича шахсий иш режаларига асосланади.

2. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режаси таркибига ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларининг турлари киритилади. Иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режаларида тўлиқ ва аниқ акс эттирилиши керак. Жорий ўқув йили якунида фақат мазкур ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади.

Ўқув йили давомида бажарилган қўшимча иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаларига киритиб борилиши мумкин.

3. Профессор-ўқитувчиларнинг шахсий иш режаси таркибига киритиладиган ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишлари:

тўлиқ штатда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида;

тўлиқ штатда бўлмаган ва ўриндош сифатида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун уларнинг ставкаларига мувофиқ тарзда профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида;

шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг соатбай шартлари асосида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ушбу Қоидаларга мувофиқ шакллантирилади.

4. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режасининг бажарилиши мунтазам равишда кафедра мудири, ҳар семестр якунида факультет декани, декан ўринбосарлари, факультет тузилмаси бўлмаган олий таълим муассасаларида ўқув бўлими (ўқув-услубий бошқарма) ва тегишли йўналишлар бўйича проректорлар томонидан назорат қилиб борилади.

2-боб. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини ҳисоблаш

5. Профессор-ўқитувчиларнинг (маданият ва санъат йўналишлари ўқув машғулотларида иштирок этадиган концертмейстерларнинг) ўқув йили бўйича шахсий иш режасига киритилган, унинг асосий қисми бўлган ўқув юкламасининг соатлардаги ҳажми мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида назарда тутилган Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрларида белгиланган иш турларидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчиларнинг эгаллаб турган лавозимлари бўйича ўқув юкламаси ҳажми факультет декани (кафедра мудири)нинг таклифига мувофиқ олий таълим муассасасининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.

6. Ўқув юкламаси бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми олий таълим муассасасининг штат бирликлари сонини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.

Штат бирликлари профессор-ўқитувчиларнинг талабалар сонига нисбати бўйича, ойлик маоши эса харажатлар сметаси бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ижодий таътиллар бериш тартиби ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган нормаларга мувофиқ олиб борилаётган илмий-методик ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш мақсадида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув ишлари юкламаси ҳажми кафедра йиғилишининг таклифига асосан олий таълим муассасаси кенгашининг қарори билан ўзгартирилиши мумкин. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг тегишли ўқув юкламасининг муайян қисми кафедранинг бошқа профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламасига қўшимча равишда тақсимланади.

8. Маъруза машғулотлари илмий унвон ва илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Зарур ҳолларда (маъруза машғулотлари ҳажми кўп бўлганда ёки профессор, доцент ва катта ўқитувчилар етарли бўлмаганда) олий таълим муассасаси Кенгашининг қарорига асосан камида 3 йиллик илмий-педагогик иш стажига эга бўлган, бироқ илмий унвон ва илмий даражаси бўлмаган ўқитувчиларга бир ўқув йилида 250 соатгача ҳажмда маъруза машғулотларини ўтишга рухсат берилади.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув (маъруза, амалий (якка), семинар ва лаборатория) соатлари ҳажми 400 соатдан кам бўлмаслиги тавсия этилади. Кафедрага соҳанинг етакчи мутахассислари (академиклар ва профессорлар) жалб этилганда, ушбу ўқув соатлари ҳажмига олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига мувофиқ ўзгартириш киритиш мумкин.

3-боб. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларини белгилаш

9. Профессор-ўқитувчилар фаолиятининг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишлари бўйича соатлар ҳажми ҳисобланмайдиган иш турлари мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида назарда тутилган Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишлари турларидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида белгиланади.

10. Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишлари ҳажми мазкур иш турларини бажариш заруриятидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида факультет декани (кафедра мудири)нинг таклифига мувофиқ олий таълим муассасаси Кенгаши томонидан тасдиқланади.

11. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-педагогик, ижодий маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талабаларда чуқур назарий билим, амалий ва касбий кўникмаларни шакллантириш, илм-фанга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларга миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш, ҳар томонлама етук мутахассис тайёрлашни назарда тутган ҳолда кафедра мудири ўқитишни илғор педагогик ва компьютер технологиялари, янги авлод ўқув адабиётлари асосида ташкил этиш ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишлар бўйича аниқ топшириқларни белгилайди.

4-боб. Якуний қоида

12. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Давлат солиқ қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Навоий кон-металлургия комбинати Давлат корхонаси билан келишилган.