ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАР ТАРКИБИНИНГ ЎҚУВ ЮКЛАМАСИ ҲАМДА ЎҚУВ-УСЛУБИЙ, ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ВА «УСТОЗ-ШОГИРД» ИШЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 8 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3076]

Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунларига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони, 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, шунингдек профессор-ўқитувчилар таркибининг шахсий иш режасини тартибга солиш ва тизимлаштириш мақсадида буюраман:

1. Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва «устоз-шогирд» ишларини белгилаш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2015 йил 9 сентябрдаги 5-2015-сон «Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар юкламасини аниқлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2720, 2015 йил 19 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 42-сон, 540-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазир И. МАДЖИДОВ