Бугун, 15 март куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов республика олий таълим муассасалари талабалари билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мулоқотда жойлардаги студиялардан барча ОТМларида таҳсил олаётган имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий муҳофазага муҳтож ҳамда иқтидорли ва ташаббускор талаба-ёшлар вакиллари иштирок этди.
Икки соатдан кўпроқ вақт давом этган мулоқотда вазир талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Хусусан, ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш; тўлов-контракт асосида ўқиш шартлари ва стипендия; имконияти чекланган ва ногиронлиги бор талабаларнинг ўқиш учун зарур шароит, турар жой ҳамда махсус адабиётлар билан таъминланиши; хорижда таълим олиш ва бошқа мавзуларда қизиқарли мулоқот бўлиб ўтди.
Онлайн мулоқотда ёшлар олдидан чиқадиган тўсиқларни айланиб ўтишга эмас, балки уларни енгиб ўтишга одатланишлари кераклиги, ҳозирда талабалар учун имтиёзлар кўплиги, келгусида уларнинг сони оширилиши, бироқ имтиёзларга таяниб қолиш келажакда меҳнат бозорида ўз ўрнини топишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги таъкидланди.
Суҳбат якунида талабалар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар тўлиқ кўриб чиқилиши қайд этилди.