2019 йил 30 март куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши раиси Г.Орифжонова ҳамда Кенгаш аъзолари томонидан 2019 йил 29 март куни Амалий санъат факультети Компьютер графикаси ва бадиий фото бўлими талабалари ҳамда институт Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши аъзоси Ж.Жумаев томонидан ташкил этилган “Тасвирларда ижод завқи” номли кўргазма муҳокамаси ўтказилди. Муҳокамада институт Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгашига аъзо Санъатшунослик ва Музейшунослик йўналиши талабалари иштирок этишди.

Мазкур кўргазма фото санъатига бағишланган бўлиб, ёш ижодкорлар кундалик турмуш тарзи, атроф-муҳитни ўраб турган олам ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини фото суратларда акс эттирганлар. Бу орқали фото санъатининг инсон руҳиятига таъсирини ифодалашга ҳаракат қилганлар. Баъзи воқеликларни ҳаётимиз давомида ҳар куни кўрамиз, аммо ижодкор айнан ўша лаҳзани кучини яққол ифодалай олган. Мазкур кўргазма ижодкорлари ҳаётни фото асарларга кўчиришгани, дунёнинг рангин кўринишларини томошабин эътиборига ҳавола эта олишганлиги билан қувонарли, албатта. Муҳокамда шодлик, ҳаёт завқи, беғубор болалик, табиат гўзалликлари ёш фото рассомлар нигоҳидан четда қолмаганлиги таъкидланди.

Кўргазманинг ютуқли томонларидан бири сифатида фото санъатининг турли жанрларида яратилган асарларни қамраб олганлиги эътироф этилди. Мавзу ҳам турлича, аммо ижодкорлар ўз асарларида фото санъатида ижод қилиш қанчалар завқлигини очиб беришга ҳаракат қилганлар. Кўргазма ўз номига монанд асарларни жамлашга ҳаракат қилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур кўргазма муҳокамаси кўплаб фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтказилди. Кўргазма йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

МРДИ, Ёш олимлар ва ижодкорлар Кенгаши