Маълумки, Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан “Тасвирий ва амалий санъат фестивали”  жорий йилнинг 22-27 апрель кунларида кенг доирада бўлиб ўтди. Республика миқёсида давом этган ушбу катта тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги МРДИ ҳам бир қанча лойиҳалар билан  иштирок этди.  “Тасвирий ва амалий санъат фестивали” давомида турли кўргазмалар, халқаро илмий-амалий конференциялар, талабалар конференциялари, таниқли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, миллий либослар намойиши, турли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилди. Фестивал тадбирлари, турли кўргазмалар, тақдимот маросимлари, ижодий танловлар давомида “Энг яхши ўқув муассасаси”, “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши тасвирий санъат асари”, “Энг яхши амалий санъат асари”, “Энг яхши кўргазма”, “Энг яхши маҳорат дарси” номинациялари бўйича янгидан-янги истеъдод соҳиблари аниқланиб, тадбир якунида Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан олтин медаль, кумуш медаль, диплом ва сертификатлар билан тақдирландилар.

Мазкур фестивалда ўзининг ижодий намуналари ва маҳорати билан фаол иштирок этиб институт салоҳиятига ўз ҳиссасини қўшган  талабаларни моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида  институт раҳбарияти томонидан 2019 йилнинг 6 май куни  тақдимот маросими ташкил этилди. Тадбирни инситут ректори Н.Б.Сайфуллаев кириш сўзи билан очиб берди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон Бадиий Академияси раиси, академик А.В.Нуриддинов иштирок этиб, фестивал тадбири борасидаги ўз фикрларини баён этиб, ундаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.  бундан ташқари институт томонидан тайёрланган лойиҳалар фестивал қатнашчиларида катта таассурот қолдирганлигини таъкидлади.  Ана шу лойиҳаларда жонбозлик кўрсатиб, ижодий ва ташкилий томондан фаол ёндашган ҳар бир иштирокчиларни ЎзБА раиси А.Нуриддинов ҳамда институт ректори Н.Сайфуллаев яна бир бор қутлаб, сертификат билан тақдирладилар. Тадбир сўнгида,  ҳар икки раҳбар томонидан барча иштирокчиларга келгуси ижодида ҳам улкан мувоффаққиятлар тилаб қолинди.

Шу куннинг ўзида 2018-2019 – ўқув йилида талабалар ўртасида республика миқёсида бўлиб ўтган “Тафаккур синовлари” танловида институтнинг “Ифтиҳор” жамоаси,  ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида талабалар театр студиялари фестивалининг саралаш босқичида институтнинг “Иқтидор” театр студияси жамоаси “Энг яхши спектакль”, “Энг яхши аёл роли” номинацияси учун фаҳрли биринчи ўринни эгаллаганлиги боис, барча иштирокчи талабалар институт раҳбарияти томонидан “Маънавият ва маърифат” залида   рағбатлантирувчи диплом ва совғалар билан тақдирландилар.