Stipendiya tayinlash nizomi
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ ТАЛАБАЛАРИГА ТЎЛАНАДИГАН СТИПЕНДИЯЛАР МИҚДОРЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ ҲАМДА СТИПЕНДИЯЛАР ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сон
қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида олий таълим муассасаларида давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) стипендиялар базавий миқдорда (400 минг сўм), шунингдек, «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига эга бўлган талабаларга стипендиялар базавий стипендия миқдорига нисбатан қўшимча 15 фоиз миқдорда тўланганлиги;
тўлов-контракт асосида таълим олиш учун талабаларга уларнинг ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби жорий этилганлиги, бунда стипендияли тўлов-контрактлар таркибида базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш бўйича 2019/2020 ўқув йилининг биринчи семестрида тажриба-синов тариқасида амалга оширилган ишлар натижасидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг 2020 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагиларни жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли (ўқитишнинг кундузги шакли) бўйича таълим олаётган талабаларни (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминлаш;
ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи — 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабаларнинг стипендиясини базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилган ҳолда белгилаш;
ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) навбатдаги ўқув семестри мобайнида стипендия тайинламаслик;
тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга ошириш;
тегишли молия йилида олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз ҳамда тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоиз миқдоридаги маблағлар ҳисобига Талабаларни рағбатлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш;
алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабаларни белгиланган стипендияларга нисбатан Жамғарма ҳисобига қўшимча равишда 50 фоизгача миқдорда рағбатлантириш;
Жамғарма маблағлари ҳисобига олий таълим муассасасида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам тўловини жорий этиш.
Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом
1-иловага мувофиқ;
Олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорлари
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таълим олаётган «аъло» (рейтинг кўрсаткичи — 86 балл ва ундан юқори) ҳамда «яхши» (рейтинг кўрсаткичи — 71 балл ва ундан юқори) ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган талабаларга тажриба-синов тариқасида 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар ҳақиқатда тўланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида» 2001 йил 17 августдаги 344-сон
қарори асосида тўланиши лозим бўлган миқдорлар орасидаги тафовут тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга 2020 йил учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади;
2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари учун 2020 йил 1 февралдан бошлаб стипендиялар, истисно тариқасида, талабаларнинг ўзлаштириш баҳоларидан келиб чиққан ҳолда
3-иловага мувофиқ тўланади;
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида таълим олувчи номли давлат стипендиялари соҳиблари, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилишини инобатга олиб, уларга тегишли ўқув йили учун контракт қиймати миқдорини стипендиясиз шаклда тўлаш имконияти яратилади;
республика олий таълим муассасалари талабалари бўлган Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига ёхуд инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари олий таълим муассасаларида таълим олаётганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда стипендия олишга ҳақлидирлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлашда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон
қарори билан белгиланган тартиблар сақлаб қолинсин.
Бунда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланиши инобатга олинсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида стипендиялар тайинлашни янада такомиллаштириш юзасидан, жумладан ижтимоий адолат тамойилларига риоя қилган ҳолда талабаларга «ижтимоий» ва «академик» стипендияларни жорий этиш механизмларини назарда тутувчи асосланган таклифларни 2020 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 11-сон, 267-модда) 1-илованинг
12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга рухсат берилади».
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон
қарорига1-ИЛОВА
Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
1. Мазкур Низом давлат олий таълим муассасаларининг талабаларига (хорижий талабалардан ташқари) стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.
Ушбу Низом республикада фаолият кўрсатаётган хорижий олий таълим муассасалари, уларнинг филиаллари ва хусусий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
стипендия — олий таълим муассасаларида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кейинги ўринларда ўқитишнинг кундузги шакли деб аталади) давлат гранти ҳамда стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (хорижий талабалардан ташқари) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар ойма-ой тўланадиган пул таъминоти;
стипендиянинг базавий миқдори — давлат гранти ҳамда стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўланадиган стипендиянинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрнатиладиган энг кам миқдори;
стипендия комиссияси — олий таълим муассасаларида талабаларга стипендиялар тайинлаш учун ҳар бир ўқув йилида ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) раислигида, факультетларнинг деканлари (бакалавриат даражасида факультет деканати мавжуд бўлмаган олий таълим муассасаларида — ўқув-услубий бўлим ёки бошқарма бошлиғи), касаба уюшмаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, академик гуруҳлар, бухгалтерия вакилларидан иборат таркибда ташкил этиладиган ҳамда олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан тасдиқланадиган комиссия;
ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичи — олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) ўқув режалари асосида ўтилган фанлар (машғулотлар) бўйича талабалар билим ва маҳоратининг синови натижалари;
ўзлаштираётган талаба — бундан аввалги ўқув семестри учун ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичлари бўйича академик қарзи мавжуд бўлмаган талаба;
Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси — олий таълим муассасаларида ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни моддий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш жамғармаси.
3. Олий таълим муассасалари талабаларига ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари, алоҳида қобилият ва иқтидорга эгалиги, жамоат ишларида фаоллиги, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги каби мезонлардан келиб чиқиб стипендия комиссияси хулосасига кўра, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорлари асосида стипендия тайинланади ва бошқа рағбатлантириш чоралари кўрилади.
4. Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқитишнинг кундузги шаклида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
5. Биринчи курс талабаларига ўқув йилининг 1-семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари (баҳолари) маълум бўлгунга қадар стипендиянинг базавий миқдорида стипендия тайинланади ва тўланади.
6. Аввалги ўқув семестри натижаларига кўра стипендиялар:
а) қуйидаги тартибда тайинланади ва тўланади:
барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдори 20 фоизга оширилган ҳолда;
фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоизидан кам қисмини «қониқарли» баҳога (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) ўзлаштираётган талабаларга — стипендиянинг базавий миқдорида;
б) фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоизи ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) бўлган талабаларга (тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи ҳамда 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар бундан мустасно) навбатдаги ўқув семестри мобайнида стипендия тайинланмайди.
7. Тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади.
Стипендияли тўлов-контракт таркибига базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси киритилади ҳамда стипендия йил мобайнида ойма-ой тўлаб борилади.
8. Олий таълим муассасаларида стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар базавий миқдордаги стипендия тайинланади ва тўланади.
9. Олий таълим муассасаларида стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга стипендиялар белгиланган тартибда улар томонидан тўлов-контракт суммаси тўланганидан кейин берилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Талабалар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги
низом ҳамда Давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги
низомда белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади.
Ушбу Низом Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 691-сонли
қарорига асосан иккинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2020 й., 09/20/691/1474-сон)
11. Номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига қопланади ва стипендия соҳибларига белгиланган миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.
12. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
13. Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ўзлаштираётган талабаларга стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.
14. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
15. Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар тўлиқ давлат таъминотида бўлган ўзлаштираётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга базавий стипендия миқдорида стипендия тайинланади ва тўланади.
16. Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларидан фойдаланиш, Жамғарма маблағлари ҳисобига талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш олий таълим муассасасининг кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Жамғарма маблағларидан давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўлов қайси шаклда (стипендияли ёки стипендиясиз) амалга оширилишидан қатъи назар, белгиланган мезонлар асосида рағбатлантириш тўловлари тайинланади.
17. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:
тегишли молия йилида олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз миқдоридаги маблағлар;
тегишли молия йилида тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар.
18. Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган (стипендияли ёки стипендиясиз шаклда эканлигидан қатъи назар), ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари «аъло» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабалар стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида Жамғарма ҳисобига рағбатлантирилади.
19. Ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабалар белгиланган стипендияларга нисбатан қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.
Бунда, олий таълим муассасаларида стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган ва ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган талабалар қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига базавий стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.
20. Жамғарма маблағлари ҳисобига олий таълим муассасасида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам тўлови берилиши мумкин.
Бунда, стипендия тўловларига ажратилган Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларининг ҳисобот даври якуни бўйича бўшаб қолган қисмини талабаларни қўшимча равишда моддий рағбатлантиришга йўналтиришга рухсат берилади.
21. Стипендия тўлаш учун стипендия комиссияси тавсия этган талабаларнинг рўйхатлари олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи билан тасдиқланади.
22. Ўзлаштираётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендия аввалги семестр якуний назорат натижалари эълон қилинганидан сўнг, ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.
23. Давлат гранти асосида таълим олаётган, ўқув семестри учун ўзлаштириш натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзи (бир ёки ундан ортиқ фанлар бўйича 55 фоиздан кам рейтингга) бўлган олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
24. Белгиланган тартибда академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан ортиқ фоиз тўплаган) ва фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиздан кам қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этиш муддати тугаганидан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб, стипендиянинг базавий миқдорида кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади.
25. Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра, академик қарзи бўлган талабалар академик қарзларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар стипендиядан маҳрум этилмайдилар.
26. Ўқув режаси асосида амалга оширилган малака амалиётлари ва таътиллар даврида талабаларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.
27. Пенсия оладиган талабаларга стипендия умумий асосларда тайинланади.
28. Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди.
Талаба академик таътилдан қайтганидан кейин унга стипендия тўлаш стипендиянинг базавий миқдорида жорий ўқув семестрининг охирига қадар тикланади (стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар бундан мустасно).
29. Ўз хоҳишига кўра, ўқиши бошқа олий таълим муассасасига кўчирилиши, саломатлиги (тиббий комиссия маълумотномаси асосида), ўқув интизоми ва олий таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги, бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги, ўқиш учун белгиланган тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан олий таълим муассасасидан четлатилган талабалар ўқишга тикланганда мазкур ўқув семестри учун стипендия базавий миқдорда тайинланади (стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар бундан мустасно).
30. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун талабаларга стипендия қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади.
2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга стипендия умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади. Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлиш даврида стипендия тўланмайди.
31. Белгиланган тартибда бир олий таълим муассасасидан (факультетдан) бошқасига, шунингдек, таълимнинг сиртқи шаклидан кундузги шаклига ўтказилган талабаларга стипендия улар томонидан баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича, ўқув режаларидаги тафовутлар бартараф этилганидан кейин тайинланади.
Академик қарз мавжуд бўлмаганида стипендия академик маълумотномада (рейтинг дафтарчасида) кўрсатилган, аввалги ўқув жойидаги баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича тайинланади ва янги ўқув жойига қайд этилган пайтдан бошлаб олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи асосида тўланади.
Ўқишни бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчираётган талабаларга ёзги таътил вақтида стипендия тўлаш уларнинг ўқишни кўчиришдан аввалги таълим олган олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.
32. Стипендияли тўлов-контракт миқдори битирувчи курс талабалари томонидан июль ва август ойлари учун базавий стипендия суммаси (қисмларга бўлиб тўланганда — охирги ўқув семестридаги) тўлов-контракт миқдоридан чегирилган ҳолда тўланади.
Бунда, чегириб қолинаётган стипендия суммаси талабага тўланадиган базавий стипендиянинг жорий даврдаги белгиланган миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.
33. Талабаларнинг стипендияларидан ушлаб қолинишига йўл қўйилмайди.
Талабаларга стипендия тўловларини тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан назорат қилиш олий таълим муассасасининг стипендия комиссиясига юкланади.
34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон
қарорига2-ИЛОВА
Олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган
Т/р | Стипендия номи ва қўшимча тўловлар | Стипендия миқдори (бир ойда, сўм) |
1. | Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси | 1811191 |
2. | Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиялари | 1207461 |
3. | Давлат гранти асосида, шунингдек, бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган, барча фанлар бўйича фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун стипендия | 513600 |
4. | Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун базавий стипендия | 428000 |
5. | 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар учун стипендия | белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади |
6. | Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун қўшимча тўлов** | белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоизгача юқори миқдорда назарда тутилади |
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 691-сонли
қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2020 й., 09/20/691/1474-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон
қарорига3-ИЛОВА
2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари учун талабаларнинг ўзлаштириш баҳоларидан келиб чиққан ҳолда тўланадиган стипендиялар
Т/р | Рейтинг кўрсаткичи | Стипендия миқдори, сўм |
1. | Рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: | |
86 — 100 балл | 804974 |
71 — 85 балл | 603730 |
55 — 70 балл | 402487 |
2. | Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: | |
86 — 100 балл | 873576 |
71 — 85 балл | 655182 |
55 — 70 балл | 436788 |
3. | Давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: | |
86 — 100 балл | 768134 |
71 — 85 балл | 576101 |
55 — 70 балл | 384067 |
4. | Олий таълим муассасаларида математика, амалий — математика ва информатика, ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги мутахассисликлари бўйича таълим олаётган, рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: | |
86 — 100 балл | 876070 |
71 — 85 балл | 657053 |
55 — 70 балл | 438035 |
5. | Кар-соқов ва кўзи ожиз талабаларга стипендия белгиланганга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади | |
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон
қарорига4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида» 2001 йил 17 августдаги 344-сон
қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2001 йил, 15-16-сон, 105-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида» 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сон қарори) 2017 йил 23 июндаги 417-сон қарорига илованинг
2-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий инвесторлар учун инвестиция визаси жорий этилганлиги ҳамда улар ва уларнинг оила аъзоларининг республика ҳудудида бўлиши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 11 октябрдаги 864-сон қарорига илованинг
2-банди.