Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти «Кино ва телефильмнинг тасвирий ечими» мутахассислиги 2-босқич магистранти Гулноз Жалолова 2020/2021 ўқув йили учун «Маданият, санъат ва спорт мутахассисликлари бўйича» Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат степендияси соҳибасига айланди.
Шу муносабат билан Кенгаш йиғилишида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев Гулноз Жалоловани ушбу номдор степендияга сазовор бўлгани билан муборакбод этиб, унга степендия гувоҳномасини тантанали равишда топширар экан, ёш авлод ҳар томонлама баркамол бўлиб етишиши учун мамлакатимизда кенг имкониятлар эшиги очилганини, ўз ўрнида ёшлар ҳам ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиши зарурлигини таъкидлади.
Гулноз ушбу степендияга сазовор бўлишида институтнинг ҳиссаси катта эканини айтиб, институт раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди.
— Бугун мен жуда ҳаяжондаман. Ушбу мукофотга сазовор бўлиш менга улкан қувонч бахш этди. Бу эътироф ижодий баркамолликка эришишим, янада юксак марраларни забт этишимда куч ва ғайрат бағишлади. Хотин-қизларга, аёлларга мана шундай юксак ҳурмат билан қараладиган гўзал юртда яшашнинг ўзи улкан бахт, туганмас бойлик. , – деди Гулноз Жалолова.
Ёш истеъдод соҳибаси Ўзбекистон Бадиий Академияси томонидан ўтказилдиган Тасвирий Санъат ҳафталиги фестивалида қатнашиб, «Олтин медаль» билан тақдирланган. Бадиий Ижодкорлар уюшмаси томонидан ташкил этилган «Баҳор Вернисажи», «Наврўз», Менинг Ўзбекистоним” каби республика кўргазмалари иштирокчиси.
Шунингдек, институт томонидан талаба-ёшларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган «Беш ташаббус – беш имконият» танловида «Ташаббуслар асосидаги ўзгаришлар» номли асари билан иштирок этиб, «Энг яхши тасвирий санъат асари» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида «Рангли тушлар» номли шахсий кўргазмаси намойиш этилди. Ушбу кўргазма соҳа мутахассислари, санъат ихлосмандлари ҳамда ёшлар томонидан ижобий баҳоланди.
Институт раҳбарияти номидан ёш иқтидорли талаба Гулноз Жалоловани ушбу номдор степедия соҳибасига айлангани билан самимий муборакбод этамиз ҳамда келгуси ижодида улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.