Йиғилишни институт ректори Нодирбек Сайфуллаев олиб борди ҳамда дастлаб барча профессор-ўқитувчиларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор муборакбод этди.

Йиғилишда бугунги кунда талабаларнинг дарсга қатнашиш давоматлари, 1-босқич талабаларининг кредет-модуль тизими бўйича кўникмаларини янада ошириш ва мавжуд саволларига тезкорлик билан жавоб бериш, HEMIS дастурида жойланган маълумотлар базаси билан ишлаш, Талабалар турар жойига талабаларни жойлаштириш ишларининг якуни ва у ерда куз–қиш мавсумига тайёргарлик жараёни, институтга бириктирилган маҳалларда олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳолати каби институт ҳаётига бевосита алоқадор бўлган муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда олдимизда турган муҳим сиёсий жараён – 24 октябрь куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу сайлов юртимизнинг ҳамда шу юртда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга эканлиги, мажлисга йиғилган инсонларнинг ҳар бири жамиятнинг зиёли аъзоси сифатида бу жараёнда фаол иштирок этиши ҳамда ушбу муҳим сиёсий воқеликнинг аҳамиятини халқимизга етказишда, хусусан, талабаларнинг сайлов саводхонлигини оширишда ҳам хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Ушбу масалалар юзасидан иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда барча масъулларга булар юзасидан тегишли топшириқлар берилди.