Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги «Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ҳамда 2020 йил 6 ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг 2021 йил 23 ceнтябрдаги 129-сонли буйруғига асосан Тасвирий санъат факультети декани Шихназар Жуманиязов, «Музейшунослик» кафедраси ўқитувчиси Гулраъно Орифжонова, “Санъат тарихи ва назарияси” кафедраси ўқитувчиси Зуҳра Зайнутдиновалар билан биргаликда 8 октябрь, жума куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрдик.

Мазкур хизмат сафари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бир қатор тадбирлар ўтказдик.

Дастлаб мактаб ўқувчилари ва педагог-ўқитувчилари билан учрашув ўтказилди ҳамда бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунинг натижасида олий таълим таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, бадиий таълим тизими ривожи учун берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил тўхталиб, бу эътибор ва ғамхўрликнинг институт ҳаётига таъсири, ижодкор-ёшлар учун яратилган шароитлар, жорий этилаётган янгиликларга тўхталиб, юртимиздаги бадиий таълимнинг бугунги ривожида институтнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эканлиги, бу даргоҳда ҳозирги кунда ўз ижодий ва илмий фаолияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли Устозлар ҳамда уларга муносиб издош бўлиб келаётган ёш иқтидорли педагоглар фаолият олиб бораётганини таъкидланди.

Ўқувчиларга институт ҳаёти ҳақида батафсилроқ маълумот бериш мақсадида дарс жараёнлари, иқтидорли талабалар ҳаёти, Талабалар турар жойида яратилган шароитлар акс этган видеороликлар ҳам намойиш этилди.

Ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Мактаб миқёсида «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» номли кўрик танлов ўтказилиб, унда ўқувчилар томонидан 100 дан зиёд ижодий ишлар тақдим этилди. Мазкур ишлар Комиссия томонидан баҳоланди ҳамда ғолиб ва совриндорлари институт томонидан Диплом ҳамда эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.

Шунингдек, истеъдодли рассом Шихназар Жуманиязов томонидан ўқувчи ёшлар учун Чизматасвир фанидан қисқа муддатли маҳорат дарси ҳам ўтказилди. Унда дарс билан биргаликда ўқувчиларни қизиқтирган саволларига ҳам жавоб бериб борилди.

 

Айтиш ўринлики, мазкур мактаб-интернатини ўтган ўқув йилида жами 17 нафар битирувчи тугатган бўлиб, шулардан 11 нафари турли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

Мактаб-интернатда ҳозирги вақтда мутахассислик фанларидан дарс бераётган 28 нафар ўқитувчининг 10 нафари aйнан бизнинг олий таълим муассасамиз битирувчилари ҳисобланади.

Хизмат сафари давомида И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейига ҳам ташриф кўзда тутилган.

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори