Бугун, 14 октябрь куни Абдулла Қодирий мемориал музейида Ўзбекистон республикаси туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос агентлиги, «Турон» ахборот-кутубхона маркази томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўзбек адабиётида роман жанрининг асосчиси, ўзбек халқининг буюк фарзанди, атоқли адиб Абдулла Қодирий хотирасига бағишланган «Ўткан кунлар ёди» мавзусидаги маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Туризм ва спорт вазири маслаҳатчиси Тимур Мирзаев, филология фанлари доктори Қодирийшунос олим Баҳодир Карим, Ўзбекистон Рeспубликасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Абдулла Қодирий уй-музейи директори, адибнинг набираси Хондамир Қодирий ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаевлар сўзга чиқишди.

Улар Абдулла Қодирий нафақат ёзувчи сифатида, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдиргани, унинг ҳаёти ва ижоди бутун инсониятнинг маънавий хазинасига айланганини, шу маънода унинг қатағон қилиниши, нафақат ўзбек халқи учун, балки бутун башарият учун ҳам катта йўқотиш бўлганини таъкидлашди ҳамда бугун ёзувчининг ёзган асарлари ва босиб ўтган ҳаёт йўлини ўрганишга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини баён этишди.

Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театри актёрлари томонидан ижро этилган саҳна кўринишлари ҳамда гўзал қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача руҳ бахш этди.

Аввал хабар берганимиздек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг иқтидорли талабалари ўртасида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган сюжетлар яратиш бўйича ижодий танлов эълон қилинган эди.

Танлов натижаларига кўра, Дастгоҳли рангтасвир таълим йўналиши 1-босқич талабаси Фаррух Мамадиёров биринчи ўрин соҳибига айланган бўлса, Дастгоҳ ва китиб графикаси таълим йўналиши 2-босқич талабаси Гулноза Жабборова иккинчи ҳамда ушбу йўналишнинг 1-босқич талабаси Анора Меҳмонова учинчи ўринни қўга киритишди.

Тадбирда Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 1-ўрин соҳибига 5 миллион сўм, 2-ўрин соҳибига 3 миллион сўм ҳамда 3-ўрин соҳибига 2 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари тақдим этилди.

Шунингдек, институт ректори Нодирбек Сайфуллаев томонидан мазкур танловда ўз интилиши ва фаоллиги билан ажралиб турган Хасан Азимжонов, Гулжахон Мустафаева ҳамда Шохсанам Раҳимжоновалар рағбатлантирувчи мукофот ҳамда дипломлар билан тақдирланди.

Бундан ташқари, танловнинг барча иштирокчиларига сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир меҳмонлари институт талабалари томонидан мазкур танловга тақдим этилган ижод намуналари ҳақида фикр билдирар эканлар, қисқа муддатларда яратилган ушбу ижод намуналарида ўзбек романчилигининг асосчиси, ўзбек халқининг буюк фарзанди Абдулла Қодирий образи ёрқин ифода этилганлигини, унинг ижоди ва ҳаёт йўлига ижодкор ёшлар ўз дунёлари орқали теран назар ташлай олганлигини айтиб ўтишди.