Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий Кенгаш қошидаги Илмий семинар йиғилиши ўтказилди.
Семинарни Кенгаш раиси, Архитектура фанлари доктори, профессор Абдуманноп Зияев олиб борди.
Семинар икки қисмдан иборат бўлиб, дастлаб Зилола Аскарованинг 17.00.08 – “Санъат назарияси ва тарихи” ихтисослиги бўйича “Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида аёллар образи” мавзусидаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси муҳокама қилинди.
Ушбу илмий тадқиқот Ўзбекистон Бадиий академияси ва Ўзбекистон Республикаси фанлар академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Хакимов илмий раҳбарлигида олиб борилган бўлиб, кўплаб долзарб масалалар акс этгани билан аҳамиятли бўлди.
Тасвирий санъатда аёл образи, унинг талқинлари доимо кенг муҳокама мавзусига айланиши табиий. Негаги бизнинг халқимизда қадим қадимдан аёлга юксак эътибор ва ҳурмат билан қаралган. Айни шу жиҳатдан ушбу дисертация мавзуси барча учун қизиқарли бўлди. Буни муҳокамаларнинг қизғин тарзда ўтиб, савол-жавобларга бой бўлганида ҳам кўриш мумкин.
Семинарнинг иккинчи қисмида эса Асалхон Рахматуллаеванинг 17.00.08 – «Санъат назарияси ва тарихи» ихтисослиги бўйича «Ўрта аср Шарқ миниатюрасида сюжет ва образлар бадиий талқини» мавзусидаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси муҳокама қилинди.
Ўрта аср Шарқ миниатюраси нафақат санъат асари сифатида, балки тарихий манба сифатида ҳам ниҳоятда юксак қадрланувчи тарихий манба ҳисобланади, шунингдек, миниатюра жанри юртимиз санъат тарихининг ҳам ажралмас қисми ҳисобланади. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда диссертация иши юзасидан тадқиқотчига бир қанча саволлар берилди.
Асалхон Рахматуллаеванинг илмий раҳбари санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова бўлиб, ушбу илмий тадқиқот ишида ҳам кўплаб тарихий манбаларга мурожаат қилинган ҳолда қизиқарли маълумотлар тўплангани барчанинг эътирофига сазовор бўлди.
Тадқиқотчилар семинар якунида хулосаларини баён қилар эканлар, бугун билдирилган фикр-мулоҳазаларни албатта, инобатга олишларини ҳамда улар асосида илмий ишга якуний тўлдиришларни киритган ҳолда тез орада ҳимояга чиқишини маълум қилдилар. Шу қаторда илмий изланишларни доимо қўллаб келаётган институт раҳбарияти, устозлари ва касбдошларига миннатдорлик билдирдилар.