Раҳим Ахмедов таваллудининг 100 йиллиги

Маълумки, шу кунларда юртимиз бўйлаб Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Россия Бадиий академияси аъзоси Раҳим Ахмедов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган туркум тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Айни шу тадбирлар доирасида бугун рассом хонадонида мемориал ёдгорликнинг очилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари – Алишер Мирзаев, Жавлон Умарбеков ва Владимир Бурмакинлар ҳамда рассомнинг яқинлари, шогирдлари, санъатшунос мутахассислар сўзга чиқиб, Раҳим Ахмедов ҳақидаги хотираларини баён қилар эканлар, у нафақат рассом, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдиргани, шу маънода унинг ижодини бугунги ёшлар учун ибрат сифатида кўрсатиш, янада кенг тадқиқ этиш лозимлигини ҳамда бугун рассомнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини ўрганишга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини таъкидлашди ҳамда келгусида рассомнинг номини абадийлаштириш учун кўчалар ва мактабларни унинг номи билан аташ, ёдгорлик мажмуасини ўрнатиш каби таклифларни билдиришди.

Шунингдек, рассом нафақат ижодкор сифатида, балки раҳбар ва педагог сифатида ҳам санъат ва маданият ривожи учун беқиёс ҳисса қўшганини, бундан ташқари, ижодкорларга муносиб шароит яратиш, уларни моддий ва маънaвий қўллаб-қувватлаш учун амалга оширган хайрли ишлари бугунги кунда ҳам ижодкорлар учун ҳақиқиқй мактаб эканлигини қайд этиб ўтишди.

Қўшни Қозоғистон Республикасидан ташриф буюрган шогирдлари ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, Раҳим Ахмедовнинг ҳаёти ва ижоди нафақат ўзбек халқининг, балки қўшни давлатларнинг фахри эканлигини қайд этишди.

Ушбу тадбирда бошқа кўплаб таниқли олимлар, ёзувчилар, ижодкорлар қаторида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг педагогик жамоаси ҳам фаол иштирок этди.


Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори