Бугун Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»га бағишланган «Замонавий амалий санъат: декор ва услуб» деб номланган III Тошкент Халқаро амалий санъат биенналеси доирасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талаба-ёшларининг «Замонавий ва анъанавий либослар» намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур ҳамда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бугун ўз истеъдодларини кенг оммага намоён этаётган ёш дизайнерларни мазкур санъат байрами билан муборакбод этар экан, улар келажакда Янги Ўзбекистон либос дизайни соҳасида муносиб из қолдира оладиган, ўз мустақил брендларини яратиб, уларни жаҳон даражасига олиб чиқа оладиган етук ижодкор бўлишларига тилак билдирди ҳамда бунинг учун уларда билим, тажриба, маҳорат ва имконият мужассам эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, тадбирда институтнинг Либос ва газламалар таълим йўналишини 2020/2021 ўқув йилида битирган талаба-ёшларнинг Битирув малакавий ишларини ўзида жамлаган “Ёш ижодкорлар” каталогининг тўртинчи сони тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу каталогда ўрин олган бир-биридан ўзгача услубда ишланган либослар мода ихлосмандлари учун ўзига хос янгиликка айланди.
Намойишда Либос ва газламалар йўналишида таҳсил олаётган истеъдодли талаба-ёшлар томонидан Авангард, Кечки либослар, Спорт каби бетакрор услубларда «Қалбимда адрас», «Олтин куз», «Беқасам мавсуми», «Шаҳар ёмғири», «Унутилган беқасам», «Осиё шамоли», «Сеҳрли тун», «Фалсафа», «Шиддат», «Контрастлар», «Чегаралар» ва бошқа либослар тўплами мутахассислар ва томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди.
Ушбу либослар ўзининг бетакрор кўриниши ва миллий қадриятларимиз ҳамда замонавий мода олами янгиликларини уйғунлаштира олгани билан нафақат юртимиз, балки хориждан ташриф буюрган соҳа мутахассислари, либос дизайни ихлосмандларининг эътирофига сазовор бўлди.
Фото; Дилнавоз Неъматжонова