Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Талабалар турар жойида Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси, Ахборот ресуррс маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Унда дастлаб сўзга чиққан Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ҳабибулло Ражабов Абдулла Орипов шахсияти ва шеърияти ҳақида сўз юритар экан, шоирнинг ижодида асосий ўрин тутган Ватан, соф муҳаббат, инсонийлик каби туйғулар инсон, айниқса, ёш авлод тарбиясида беқиёс аҳамият касб этишини таъкидлади ҳамда тадбирга йиғилган ёшларга шоир шеъриятини қайта- қайта ўқиш, ёд олиш, мазмун-моҳияти ҳақида тафаккур юритишни тавсия қилди.
Ўзбек ва хорижий тиллаp кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Абдулла Орипов шеъриятининг ўзбек адабиётида тутган ўрни, аҳамияти ҳамда ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди ҳамда роликлар орқали шоирнинг ижод йўлига яна бир карра назар ташланди.
Шунингдек, талабалар ҳам Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бефарқ эмасликларини алоҳида таъкидлаган ҳолда, унинг энг сара шеърларидан намуналар ўқиб бердилар.
Адабий-бадиий кеча доирасида шоир шеърларини ифодали ўқиш бўйича танлов ҳамда викториналар ҳам ташкил этилди.
Тадбир сўнгида танлов ғолиб ва совриндорлари ташаккурнома ҳамда бадиий китоблар билан тақдирландилар.