Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузуридаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий Кенгаш асосидаги Бир марталик илмий Кенгашда Ойбек Касимовнинг “Тошкент шаҳри замонавий турар-жой муҳитини ландшафт дизайнини шакллантириш ” мавзусида 17.00.05-Дизайн назарияси ва тарихи ихтисослигидаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация иши ҳимояси бўлиб ўтди.
Илмий раҳбар архитектура фанлари доктори, профессор Арифджан Салимов, расмий оппонентлар архитектура фанлари доктори, профессор Додо Нозилов, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Бинафша Нодир .
Ҳимояни Бир марталик Кенгаш раиси, санъатшунослик фанлари доктори Дилафруз Қодирова олиб борди.
Маълумки, бугунги кунда шаҳарсозликда экологик мувозанатни таъминловчи ландшафт дизайни архитектурасини янада ривожлантириш, асрлар давомида тўпланган бой меросдан кенг фойдаланиб, замонавий усулларни тадбиқ этиш, шаҳар меъморчилиги, ландшафт архитектураси ва дизайнини ўзаро уйғунлаштириш орқали ҳудудларни самарали ландшафт ташкиллаштириш йўлларини кўрсатиб бериш долзарб аҳамият касб этмоқда. Мазкур долзарб мавзуга бағишланган илмий тадқиқот қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Кенгаш аъзолари тадқиқотчини мазкур ҳимоя билан табриклаб, ҳар бир соҳанинг ривожи ҳамда шакл ва мазмун жиҳатдан бойиши, ушбу соҳанинг қанчалик кенг тадқиқ этилишига ҳам боғлиқ эканлигини, бугунги кунда бадиий таълим ривожига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳада бўлаётган ўзгаришларни нафақат эътироф этиш, шунингдек, бу ўзгаришларни илмий жиҳатдан таҳлил этиш ҳам муҳим эканлиги, бу тадқиқотлар соҳанинг кейинги ривожланиш йўналишини аниқлаш ва янгиликлар жорий этиш учун хизмат қилиши лозимлигини таъкидлаб, тадқиқотчига муваффақият тиладилар.