Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш туркум тадбирлар ўтказилмоқда.


Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 июндаги «Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида рассом туғилиб ўсган Сурхандарё вилоятида туркум тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур бошчилигидаги академия раҳбарияти ва Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валиходжаев, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев, институт профессор-ўқитувчилари – Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор Файзулла Ахмадалиев, Ўзбекистон халқ рассоми профессор Рустам Худайберганов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Мухаммадёр Ташмуратов Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Алишер Аликулов; Тасвирий санъат факультети декани Шихназар Жуманиязов, «Музейшунослик» кафедраси ўқитувчиси Гулраъно Орифжонова, «Санъат тарихи ва назарияси» кафедраси ўқитувчиси Зуҳра Зайнутдинова, «Чизматасвир» кафедраси ўқитувчиси Зуҳриддин Қиёмовлар ушбу тадбирларда иштирок этиш учун ушбу вилоятга ташриф буюрди.
Бугун (25 ноябрь) дастлаб Рўзи Чориев номидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида рассомнинг 90 йиллик юбилейига атаб бунёд этилган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросим аввалида вилоят ҳокимининг буюк ижодкор таваллуди, ҳайкалнинг очилиши, вилоятдаги санъат байрами муносабати билан тадбир иштирокчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Рустам Худайберганов ва бошқалар бугунги кунда санъат ва маданият соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг самараси ўлароқ бу каби ижодкорларнинг мана шундай салобатли ҳайкали бунёд этилгани, унинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш йўлга қўйилганини, бу ҳар бир ижодкорни тўлқинлантириб, янада шижоат билан ижод қилиши учун замин яратганини таъкидлаб ўтишди.
Яна бир қувонарли жиҳат, ушбу ҳайкал институтнинг ҳайкалтарошлик кафедраси катта ўқитувчиси Ботир Ҳакимов томонидан яратилган.
Шунингдек, дастурга биноан Термиз давлат университетида «Ўзбекистон тасвирий санъати ривожида Рўзи Чориев ижодининг ўрни ва аҳамияти» номли республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуман аввалида университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Авазжон Марахимов ,меҳмонларни институт ҳаёти, хусусан, ижодкор талабалар томонидан яратилган ижод намуналари билан таништирди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур билан биргаликда анжуманни очиб берар эканлар, Рўзи Чориев забардаст, фусункор мусаввир, халқ турмушидан олинган ҳаётий лавҳаларни ҳам завққа тўлиб, иштиёқ билан, майда тафсилотларигача тасвирлаган рассом ҳисобланишини, унинг асарларидаги ҳаётий мавзулар, уларнинг моҳирона талқини санъатшунос мутахассислар томонидан янада чуқур ва атрофлича тадқиқ этилиши лозимлигини қайд этишди.
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев бугун юртимизда санъат ва маданият хусусан, бадиий таълимга берилаётган эътибор самараси ўлароқ, Малик Набиев, Раҳим Ахмедов, Рўзи Чориев каби забардаст ижодкорларнинг таваллудлари ҳукумат даражасида кенг нишонланаётгани. бу эътибор аввало, уларнинг юртимиз санъати ва маданиятига қўшган улкан ҳиссаларининг эътирофи, шу билан бирга, бадиий таълимнинг келгуси ривожи учун муҳим ҳамиятга эга воқеликка айланиши. негаки, ушбу ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди кенг кўламда ўрганилиши ёш ижодкорлар камолотида муҳим босқич бўлишини таъкидлаб, анжуман ишига муваффаққият тилади.
Шу билан бирга, институтда фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари – Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалолов ҳамда Акбар Ҳакимовлар онлайн тарзда иштирок этиб, ўзбек рангтасвирининг етук намоёндаси, миллий рангтасвиримиз шаклланиши ва ривожига улкан хисса қўшган ижодкор Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориевнинг миллий маданиятимиздаги ўрни беқиёс.эканлигини, шу билан бирга, рассом юксак инсоний фазилатларга эга инсон бўлаганини баён этиб, хотиралари билан ўртоқлашди.
Гулраъно Орифжонова «Рўзи Чориев мероси –музейларимиз гултожи» ва Зуҳра Зайнутдинова “Рўзи Чориев ижодининг миллий маданиятимиздаги ўрни” мавзусидаги илмий маърузаларни тақдим этди.
Анжумандан сўнг анъанага мувофиқ, Рўзи Чориев номидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бир қатор тадбирлар ўтказилди.
Дастлаб институт ректори Нодирбек Сайфуллаев мактаб ўқувчилари ва педагог-ўқитувчилари билан учрашиб, уларни улкан ижодкор Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Шу билан бирга, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунинг натижасида олий таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, бадиий таълим тизими ривожи учун берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, қабул қилинган қонун ҳужжатлари, бу эътибор ва ғамхўрликнинг институт ҳаётига таъсири, ижодкор-ёшлар учун яратилган шароитлар, жорий этилаётган янгиликларга тўхталиб, юртимиздаги бадиий таълимнинг бугунги ривожида институтнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эканлиги, бу даргоҳда ҳозирги кунда ўз ижодий ва илмий фаолияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли устозлар ҳамда уларга муносиб издош бўлиб келаётган ёш иқтидорли педагоглар фаолият олиб бораётганини таъкидлади.
Ўқувчиларга институт ҳаёти ҳақида батафсилроқ маълумот бериш мақсадида дарс жараёнлари, иқтидорли талабалар ҳаёти, Талабалар турар жойида яратилган шароитлар акс этган видеороликлар ҳам намойиш этилди.
Ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Мактаб миқёсида «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» номли кўрик танлов ўтказилиб, унда ўқувчилар томонидан кўплаб ижодий ишлар тақдим этилди. Танлов ғолиб ва совриндорлари институт томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шу қаторда, ўз интилиши ва истеъдоди билан тенгдошларига намуна бўлаётган бошланғич синф ўқувчиларининг ҳам уч нафарига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Айтиш ўринлики, мазкур мактаб-интернатини ўтган ўқув йилида тугатган 26 нафар ўқувчидан 23 нафари олий таълим муассасаси талабасига айланган бўлса, шулардан 2 нафари айнан бизнинг институтимизда биринчи босқичда таҳсил олишмоқда.
Ташриф доирасида шунингдек, ёш педагог Зуҳриддин Қиёмов томонидан ўқувчи ёшлар учун Чизматасвир фанидан қисқа муддатли маҳорат дарси ҳам ўтказилди. Унда дарс билан биргаликда ўқувчиларни қизиқтирган саволларига ҳам жавоб бериб борилди.
Ушбу тадбир билан биргаликда, Термиз давлат университетида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур билан ижодий учрашув ўтказилди. Учрашувда Акмал Нур ижодкор бўлиш учун босиб ўтган қийинчиликлар, ижоди ва ҳаёт йўли ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор Файзулла Ахмадалиев, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Мухаммадёр Ташмуратов Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Алишер Аликуловлар эса талаба-ёшлар учун маҳорат дарси ташкил этди.
Кейинги тадбир эса «Термиз арт» галереясида бўлиб ўтди ҳамда унда Рўзи Чориев ҳамда унинг издошлари aсарларини ўзида жамлаган «Сурхон куйчиси» номли кўргазманинг очилиш маросими ўтказилди.
Маросимда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Рўзи Чориевнинг бугун бизга маълум бўлган асарларидан кўра, маълум бўлмаганлари кўпчиликни ташкил этади. Уларни топиш ва ўрганиш ҳамда санъатсевар халқимиз эътиборига ҳавола этиш даркор. Кўргазмада ҳам рассомнинг бир қанча ҳали ўрганилмаган асарлари намойиш этилди.
Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирлар эртага ҳам давом этади.