Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 июндаги «Ўзбекистон халқ рассоми Рўзи Чориев таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги баёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида рассом туғилиб ўсган Сурхандарё вилоятида ўтказилаётган туркум тадбирлар бугун (26 ноябрь) куни ҳам давом эттирилди.
Дастлаб Рўзи Чориев номидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида «Рўзи Чориев издошлари» номли кўрик танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев, Ўзбекистон халқ рассоми профессор Рустам Худайберганов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Алишер Аликуловлар ёш авлод қалбида бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини уйғотишда, шунингдек, улуғ рассомлар ижодини ўрганишлари, уларга интилиб ижод қилишларида бу каби танловларни аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлаб ўтишди.
Ушбу танловнинг мақсади – ўзбек тасвирий санъатига улкан ҳисса қўшган рассоми Рўзи Чориевнинг бетакрор ижодий меросини халқимиз, жумладан, ёш авлод вакилларига тўла етказиш, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, ёш ижодкорларнинг изланиши, ўз қобилиятини намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, ёш иқтидорларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашдан иборат.
Танловда 10 ёшдан 17 ёшгача бўлган вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари ўқувчилари, тасвирий санъат йўналишида (рангтасвир, графика, портрет, ҳайкалтарошлик ва ҳ.к.) ижод қилаётган 186 нафар ёш ижодкор ўзларининг 186 та ижодий ишлари билан иштирок этишди ҳамда турли ёш тоифалари ва номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан муносиб тақдирланди.
Шунингдек, тадбир давомида мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари томонидан яратилган миллий ва замонавий либослар ҳамда турли халқларнинг миллий кийимларини ўзида жам этган модалар намойиши бўлиб ўтди.
Маълумки, Муҳтарам Юртбошимиз ташаббусларига биноан айни кунларда, юртимиз бўйлаб «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилиб, маҳаллалар озодалигини таъминланмоқда.
ўз навбатида, тадбир иштирокчилари ҳам мактаб ҳовлисига бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазишди.
Куннинг иккинчи ярмида эса мактаб-интернатининг фаоллар залида рассом таваллудининг 90 йиллигига бағишланган ижодий-бадиий хотира кечаси бўлиб ўтди.
Хотира кечасини Ўзбекистон Бадиий академияси Бош илмий котиби Феруза Обиджонова олиб борди.
Тадбир аввалида Рўзи Чориевнинг ҳаёти ҳақида ҳужжатли фильм намойиши бўлиб ўтди. Унда рассомнинг шахсан ўзи иштирок этган ноёб кадрларнинг бор эканлиги, қизиқарли сюжети йиғилганларда катта таассурот қолдирди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон халқ рассоми профессор Рустам Худайберганов ҳамда рассомнинг шогирди Турсунпўлат Ўроқовлар Рўзи Чориевнинг ижоди билан бирга, ҳаёти ҳам жуда катта ибрат мактаби эканлигини таъкидлаб, кўплаб мисоллар орқали унинг инсоний фазилатларини баён қилишди.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур Рўзи Чориев шахсиятини ва ижодини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва халқимизга етказиш соҳа мутахассислари олдида турган долзарб вазифалардан бири эканлигини таъкидлади ҳамда яна кўплаб ўрганилмаган рассомларни ижодини ўрганиш, улар ҳақида ҳужжатли фильмлар яратиш лозимлигини айтиб ўтди.
Сўзининг якунида бу каби тадбирлар яна давом этишини маълум қилди ҳамда мана шундай чиройли тадбирни ўтказилишида ёрдамини аямаган барча ташкилот ва муассасалар ҳамда ходимларга ўз миннатдорчилигини билдирди