Маълумки, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Туркиянинг Кастамону университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида бир қатор дарс машғулотлари, халқаро семинар ва вебинарлар ташкил этиб келинмоқда.
Ҳеч сир эмаски, азал-азалдан алломалар Ватани бўлган диёримизнинг илму фани, батакрор маданияти жаҳон ҳамжамиятининг қизиқишларига сабаб бўлиб келмоқда. Айниқса, Амир Темур ва Темурийлар даврида яратилган юксак маданият бугунги кунда ҳам дунё олимлари ва тадқиқотчилари эътиборида.
Шу маънода, бугун Камлоиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори Дилафрўз Қурбонова томонидан Кастамону университети талабалари, тадқиқотчилари ҳамда профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган «Темурийлар даври кулолчилик санʼати» мавзусидаги онлайн дарс машғулотлари катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Хусусан, ушбу дарсда Темурийлар даври кулолчилик санʼатининг бошқа давр ва минтақалар кулолчилигидан фарқли жиҳатлари, шаклланган анъаналар, мактаблар ва йўналишларнинг шаклланиши ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, иштирокчиларнинг саволларига ҳам атрофлича жавоб берилди ҳамда дарс якунида Кастамону университети вакиллари томонидан бу каби дарсларни келгусида кўплаб ўтказиш ва қамровини кенгайтириш таклифи билдирилди.