Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Ёш олимлар кенгаши” ташаббуси билан Музейшунослик ва Амалий графика ва бадиий фотография кафедралари, Тошкент музейи билан ҳамкорликда Маҳобатли рангтасвир кафедраси профессори, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, “Шуҳрат” медали соҳиби Алишер Алиқулов билан ижодий учрашув ҳамда давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда дастлаб рассом тасвирий санъат соҳасига кириб келишида оиладаги муҳит, болалик йиллари ҳақида, мактаб ва талабалик даврида устозлари, ижод йўли, тажрибалари ҳақида гапириб берди.
Республикамиздаги энг йирик музейларда Алишер Аликулов ижодига оид монументал асарлар ўрин олган бўлиб, бу асарлар бугунги кунда нафақат маҳаллий балки хорижий меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Албатта, Алишер Алиқуловнинг ижодида тарихий мавзулар катта аҳамиятга эга ва унинг ижодини асосини ташкил этади. Шу борада берилган саволга жавоб берар экан, рассом миллий тарихимизни жуда ҳам яхши кўришини, уни дунёга бор бўйича намоён этиш ижодкор сифатидаги олий мақсади эканлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон музейлари фаолиятига бефарқ бўлмаган рассом ўзининг танқидий фиклари, муаммони ечиш мумкин бўлган таклифлари ва келажакда амалга ошириш мумкин бўлган лойиҳалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ижодий учрашув мазмунли, самарали ва савол жавобларга бой тадбир сифатида талабалар ҳамда ижодкорлар учун сермазмун руҳда, кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди.