Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ректор, проректорлар, факультет деканлари, кафедра мудирлари ва бўлим бошлиқлари иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон Бадиий академиясининг тегишли буйруғига асосан Хасан Қайтаров Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига тайинлангани эълон қилинди.
Хасан Қайтаров 1978 йил 15 сентябрь куни Навоий вилоятида таваллуд топган. Бугунги кунга қадар у институтнинг Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб бораётган эди.
Мажлисни очиб берар экан, институт ректори Аббосжон Мирзорахимов бугунги кунда таълим жараёнларига янги таълим технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, таълимни амалиёт билан боғлаш, хусусан, тижоратлаштириш ишларини жонлантириш, бу орқали талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва моддий рағбатлантириш лозимлигини, бунинг учун институтда етарлича салоҳият мавжуд эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Шунингдек, йиғилишда:
– институт кафедраларида 2022 йил рейтинг индикаторлари бўйича олиб борилаётган ишлар;
– профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг давомати;
– институт ректорининг 33-U ва 38-U сонли буйруқларининг ижроси
– тўлов-шартнома асосида таълим олаётган талабаларнинг тўловларни амалга ошириш ҳолати;
– тижоратлаштириш бўйича институт каталогини яратиш каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича мажлис иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.