Атрофдагиларига эзгулик улашиш одамдан кўп нарсани талаб этмайди. Шунчаки, ҳар бир кўнгилда меҳр-оқибат уруғлари унса, кифоя.
Эзгулик йўлида қилинган яхшилик эса умрга сайқал бериб бораверади…
Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 33-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Тасвирий санъат ҳамда Амалий санъат ва дизайн факультетларининг ўқитувчи ва талабалари мазкур мактаб ўқувчилари учун “Меҳрнинг нигоҳи” номли маҳорат дарсларини ўтказиб беришди.
Тадбирда талабалар болаларнинг қизиқишларига қараб, расм чизиш, турли безакли тақинчоқлар ясаш, кашта тикиш, фотоаппарат ва камерада тасвирга олишнинг тартиб-қоидалари ҳақида маълумотлар беришди.
– Мен оператор бўлишни хоҳлайман. Бугун шу ниятимга эришдим. Мактабимиздаги ака-опаларимни, ўқитувчиларимизни суратга олиб, тасвирга туширдим. Бундан жудаям хурсанд бўлдим. Бизни кўргани келган ака-опаларимга раҳмат. Улар билан асло зерикмадим. Бундай тадбирлар кўп-кўп бўлишини хоҳлайман, – деди 33- мактабнинг 8-синф ўқувчиси Абдузокир Абдунабиев.
– Бу мактабдаги ҳар бир ўқувчининг ўзига хос табиати, ўзига етарли бўлган оғриғи, дарди бор. Шунинг учун бўлса керак, ҳар қандай эътибор уларнинг кўнглини кўтариб, кайфият беради. Бугун болаларнинг қувончдан порлаётган кўзларини кўриб йиғлагим келди…
Бу даргоҳдаги болаларнинг ҳар бири мен учун қадрли. Уларнинг орасида ўзи кичик бўлса-да, жуссасида катта дардни кўтариб юрганлари ҳам бор. Шу болаларнинг кўзларида қувонч нурларини ёрита олган институт раҳбариятидан, ўқитувчи ва талабалардан беҳад миннатдорман, – деди шу мактабнинг ижодий-маданий масалалари бўйича тарғиботчиси Робия Худойбердиева.