МЕҲРНИНГ НИГОҲИ – НАВБАТДАГИ ҚАДАМЛАР

Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 102-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Наврўз байрами муносабати билан баҳор ва ижод байрами бўлиб ўтди.

Тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Тасвирий санъат ҳамда Амалий санъат ва дизайн факультетларининг устоз ва тюторлари – Салим Мадартов, Саломат Исакулова, Озод Саидов,Нигора Содиқова, Зарина Маматқулова, Мунира Назарова, Жавлон Аккулов, Ғолиб Жўраев ва бир қатор талабалар мактаб ўқувчиларига расм чизиш, ҳайкал ясаш, тақинчоқлар ясаш ва кашта тикиш бўйича маҳоратли дарс соатларини ўтиб беришди.

– Бугун мактабимизга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти устоз тюторлари, бир-биридан истеъдодли талабалари ўз ижод намуналари билан қатнашдилар. Бу ерда таълим олаётган заиф эшитувчи болаларга санъат сирларини ўргатиш билан чекланмай, ўз ижод намуналарини совға қилишгани жудаям қувонарли ҳол бўлди. Чунки бу асарларнинг тайёр ҳолга келгунича ёшларимизнинг қай даражада меҳнат қилганликларини яхшироқ биланман. Чунки ўзим ҳам шу институтнинг собиқ талабасиман.
Мен бу ерга келган талабаларни кузата туриб шуни англадимки, уларнинг самимий қалблари меҳр-муруввата тўла. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев айтганларидек, “Эртамиз ёшлар қўлида”. Шундай экан бугун менинг кўнглим тоғдек кўтарилди. Келажагимизнинг бундан-да ёруғ манзиллар сари одимлаётгани ҳис этдим. Фахр билан шуни айта оламанки, айнан мана шундай ёшлар бизнинг келажагимиз учун қайғуришади. Мен маънавияти бой, маданий меросини қадрлайдиган, ўтаётган бугунидан унумли фойдаланиб, эртасига ишонч билан пойдевор қўяётган мана шундай меҳр-оқибатли ёшларимиз борлигидан ғоятда мамнунман, – деди 102-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Доно Йўлдошева.

– Шундай хайрли тадбирга бош-қош бўлган институт раҳбариятига, шунингдек бу ерга келган барча устоз ва талабалардан миннатдорман.
Мазкур мактабда эшитиши ва гапиришида нуқсони бўлган болалар ўқишади. Бундай болаларга кўпроқ кўз билан кўриб, қўл билан амалга ошириладиган ишларни бажариш қулай. Бугун болаларнинг кўзларида қувонч порлади. Ака-опаларининг ёнидан кетолмай қолишди. Кузатиб, қараб турдим. Талабалар ҳар бир ўқувчининг истагига қараб, улар хоҳлаган расмларни чизиб, ҳайкаллар ясаб беришяпти. Барака топишсин. Бу институтда таълим олаётган ҳар бир талаба ватанимиз корига ярайдиган инсонлар бўлишига ишонаман. Ўйланманки, ҳали ҳамкорликда кўп ишларни амалга оширамиз. Шуни таъкидлашни истардимки, айнан ана шундай қалбидарё, истеъдодли талабаларимизни телевидение ва радиоканаллар орқали халқимизга танитишимиз, уларнинг қилаётган ишларини тенгдошларига ибрат қилиб кўрсатишимиз керак, – деди мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, журналист Гуландом Тоғаева.

Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн институти
Матбуот хизмати