ОТМларнинг магистратурасига ҳужжат топшириш учун чет тили сертификати мажбурий қилиб қўйилган. Яъни агар абитуриентнинг чет тили сертификати бўлмаса, унда ҳатто ҳужжат топширишга ҳам имкон бўлмайди. Бунда филология таълим йўналишлари учун сертификат даражаси камида C1, бошқа барча таълим йўналишлари учун эса B2 бўлиши керак.
Яқинда шу йилги қабулдан бошлаб магистратура учун қабул қилинадиган чет тили сертификатлари рўйхати (даражаси билан) мавжуд қарор лойиҳаси (https://regulation.gov.uz/uz/d/79549) эълон қилинди. Рўйхатга 10 та тил бўйича жами 25 турдаги сертификат киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги қабулдан бошлаб магистратура ва ундан кейинги таълим учун чет тили сертификати талаб қилиш биринчи марта бошлангани учун бир йилда икки марта қабул ўтказилган ва сертификати тегишли даражадан паст абитуриентлар ҳам ўқишга қабул қилинганди. (https://kun.uz/news/2022/12/20/magistratura-va-chet-tili-sertifikati-yumshatish-oliy-talim-ozgarishlariga-ishonchsizlik-paydo-qilmaydimi) Фақат уларга ҳам то ўқиш тугагунига қадар талаб даражасидаги чет тили сертификатига эга бўлиш шарти қўйилган. Бўлмаса диплом берилмайди.
Лекин Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги берган маълумотга кўра, бу фақат ўтган йилги қабул учун истисно бўлган. Бу йилдан бошлаб сертификат талаби қатъий бўлади.