Талабалар билан учрашув

Бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган энг муҳим вазифалардан бири – ёшлар билан мулоқот қилишдир. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти томонидан ҳам бу борада бир қанча ишлар амалга оширилиб келинмоқда.


Жумладан, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганиш мақсадида институт раҳбарияти Талабалар турар жойида истиқомат қилувчи талабалар билан доимий равишда мулоқотда бўлиб келмоқда.
Институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бу ерга ташриф буюриб, ёшлар билан мулоқот қилиши анъанага айланган. Бугун ҳам ректор Талабалар турар жойида бўлди.
Нодирбек Сайфуллаев ташриф аввалида ошхона, спорт хонаси, кутубхона ва ётоқхоналарига кириб, талабалар учун яратилган шароитлар билан яна бир бор танишди. Шу билан бирга, ободончилик ва тозалик ҳолатларини ҳам кўздан кечирди.

Шундан сўнг талабалар билан жонли мулоқот ўтказиб, уларнинг қизиқишлари институтда яратилган шароитлар, дарс жараёнлари тўғрисидаги фикрлари билан танишди.
Мулоқот давомида талабалар томонидан билдирилган кўплаб ташаббуслар институт раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланиб келинаётгани, уларнинг таклиф ва хоҳишлари асосида «Спорт ҳафталиги» ҳамда талаба қизлар ўртасида «Miss Artist» каби танловлар ўтказилгани, бундан кейин ҳам бу каби таклифлар албатта, рағбатлантирилиши таъкидланди.
Талабалар ўзлари учун яратилаётган қулайлик ва имкониятлардан мамнун эканликларини таъкидлаб ўтдилар.