«Абдулла Қодирий – ўзбек адабиёти хазинасидан» мавзусидаги маданий-маърифий тадбирлар бошланди
Бугун, 4 октябрь куни Абдулла Қодирий мемориал музейида ўзбек романчилигининг асосчиси, ўзбек халқининг буюк фарзанди Абдулла Қодирий хотирасига бағишланган «Абдулла Қодирий – ўзбек адабиёти хазинасидан» мавзусидаги маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида ижодкор ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди. Шундан сўнг тадбирнинг аосий қисми ўтказилиб, унда Бош вазир ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон халқ рассоми, академик, Алишер Мирзаев ҳамда адибнинг набираси Шеркон Қодирийлар сўзга чиқишди.
Улар Абдулла Қодирий нафақат ёзувчи сифатида, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдиргани, унинг ҳаёти ва ижоди бутун инсониятнинг маънавий хазинасига айланганини, шу маънода унинг қатағон қилиниши, нафақат ўзбек халқи учун, балки бутун башарият учун ҳам катта йўқотиш бўлганини таъкидлашди ҳамда бугун ёзувчининг ёзган асарлари ва босиб ўтган ҳаёт йўлини ўрганишга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини баён этишди.
Ўзбекистон давлат драма театри актёрлари томонидан ижро этилган «Жинлар базми» спектаклидан парча ҳамда гўзал қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача руҳ бахш этди.
Ушбу маънавий-маърифий тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ҳамда бошқа кўплаб олимлар, ёзувчилар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этишди.
Шунингдек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг иқтидорли талабалари ўртасида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган сюжетлар яратиш бўйича ижодий танловга ҳам старт берилди ҳамда талабалар бевосита тадбирнинг ўзида мазкур танлов учун асарлар яратишни бошлаб юборишди.
Эслатиб ўтамиз, ижодий ишлар жорий йилнинг 10 октябрида Ташкилий қўмита томонидан Тошкент фотосуратлар уйида қабул қилинади ва Ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилади. 13 октябрь куни танлов иштирокчиларининг “Абдулла Қодирийнинг ибратли издошлари” деб номланган кўргазмаси очилади ҳамда Бадиий академия ва Маданий мерос агентлигининг мутахассислари томонидан саралаб олинган 3 нафар ғолиб талаба қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Тадбир сўнгида Абдулла Қодирийнинг адабий меросини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида янада кенгроқ тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланиб, бу борада амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.