Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида талабаларнинг фаол иштирокини таъминлаш, сайловга оид билимларини ривожлантириш ҳамда уларга Ватанимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини етказиш мақсадида навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга меҳмон сифатида ташриф буюрган
Ўзбекистон давлат жахон тиллари университети ижтимоий фанлар кафедраси мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев томонидан ёшларнинг сайлов қонунчилиги бўйича билимини ошириш унинг ўзига хос хусусиятлари ва мазмун-моҳиятини тушунтириш, йигит-қизларни фаол фуқаролик позициясида тарбиялаш борасидаги муҳим ва қизиқарли фикр-мулоҳазалар баён этилди.
Маълумки, ҳар бир халқнинг эртаси ва келажак тақдири ёш авлоднинг қўлида эканлиги, сир эмас. Шу сабабли, ёшларнинг сиёсий ижтимоий фаоллиги жамият ривожини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Сайлов – мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири бўлиб, ҳар бир сайловчининг овози замирида мамлакатнинг эртаси, авлодлар келажаги ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари мужассам эканлиги ҳақида сўз борди.
Шунингдек, меҳмон ҳаётий мисоллар орқали сайловнинг инсон ҳаётида тутган муҳим ўрни ҳақида маълумот берди.