Бугунги кунда давлатимиз рамзлари кучли тарбия воситаси сифатида ёшларимизнинг миллий ғурурини юксалтиришга, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ана шундай рамзлардан бири – Давлат Байроғидир. Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим”кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан институт талаба ёшлари ўртасида «Муқаддасдир- Ватан байроғи»- мавзусида давра суҳбатлари ва иншолар танлови ўтказилди.
Тадбир давомида кафедра профессор-ўқитувчилари давлат байроғи мустақиллигимиз рамзи сифатида ёшлар орасида фахр туйғусини уйғотиши бежиз эмаслиги, доимо ўзбек халқининг шон-шарафи ва ғуруридек юксакларда ҳилпираб турган байроғимиз 1991 йил 18 ноябрда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган кундан бошлаб давлатимиз суверенитетининг рамзига айланганлиги, шу кундан бошлаб, байроғимиз Ўзбекистон делегациясининг хорижий мамлакатларга сафари чоғида, давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарда, халқаро конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида, юртимиздаги барча расмий идораларда озод ва обод Ватанимиз тимсоли сифатида юксакларда парвоз қилаётганлигини таъкидлаб ўтишди.