Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Чингиз Фарзалиев билан учрашув ўтказдик.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Бадиий академия раиси Акмал Нур иштирокида Озарбайжон Миллий санъат музейи директори, Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Чингиз Фарзалиев билан учрашув ўтказдик.

Дастлаб меҳмон ўқув устахоналарида мутахассислик фанларидан ўтилаётган дарс жараёнлари билан танишиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан суҳбатлашди.

Шунингдек, истеъдодли талаба-ёшлар томонидан ташкил этилган тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмасини ҳам томоша қилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларининг дўстлик ва бирдамлик алоқалари минг йиллардан буён давом этиб келаётгани, сўнги йилларда эса бу алоқлар янада мустаҳкамланиб, кўлами янада кенгайиб бораётгани, хусусан, санъат ва маданият ва унинг таркибий қисми бўлмиш бадиий таълим соҳасида бу ҳамкорлик натижалари яққол кўзга ташланаётгани таъкидланди.

Чингиз Фарзалиев ҳам институт раҳбариятига самимий қабул учун миннатдорчилик билдирар экан, Озарбайжонда ўзбек санъати ва маданияти доимо юксак қадрланишини, ўзи ҳам юртимизда бўлаётган ўзгаришларни кузатиб боришини, сўнги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришларни кўриб жуда ҳам мамнун бўлганини алоҳида эътироф этди.

Шунинг баробарида институтнинг ўқув-ижодий устахоналарида олиб борилаётган дарс жараёнлари, ташкил этилган кўргазма унда катта таассурот қолдирганини айтиб ўтди.

Учрашув якунларига кўра, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Озарбайжон Миллий санъат музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик институти ректори.