Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 мартдаги 78-Ф-сонли фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2021 йилда халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га мувофиқ Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Туркиянинг Кастамону университети ва Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида жорий йилнинг 15 декабрь куни “Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарих кўзгусида (қадимги давр, ўрта асрлари ва ҳозирги замон) халқаро илмий онлайн конференция ўтказилди.
Айтиш керак, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти ва Туркиянинг Кастамону университети билан ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланган бўлиб, шу кунга қадар музейшунослик соҳасини ривожлантиришда илмий-амалий тажриба алмашиш, ҳар икки давлат санъатидаги ўзига хос хусусиятлар, жумладан санъат тарихига оид илмий тадқиқотлар муштараклиги масалаларига бағишланган илмий семинарлар, вебинарлар ва конференциялар ўтказиб келинмоқда.
Мазкур конференцияда Ўзбекистон ва Туркия олий таълим муассасалари билан бир қаторда, Озарбайжон олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчиларининг иштирок этиши илмий, маданий, маърифий алоқалар тарихи борасидаги тадқиқотларни кенгайтириш, ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ва уларнинг истиқболида муҳим аҳамият касб этади.