Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузуридаги санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи Илмий Кенгашда навбатдаги диссертация ҳимоялари ўтказилди.
Дастлаб Асалхон Рахматуллаеванинг «Ўрта аср Шарқ миниатюрасида сюжет ва образлар бадиий талқини» мавзусидаги 17.00.08 – Санъат назарияси ва тарихи ихтисослиги бўйича санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация иши ҳимояси ҳимояси бўлиб ўтди.
Илмий раҳбар – санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова. Расмий оппонентлар – санъатшунослик фанлари доктори Сурайё Алиева, тарих фанлари доктори, профессор Абдумажид Мадраимов.
Дунёда Ўрта аср Шарқ мутафаккирларининг бадиий мероси, асарларига яратилган қўлёзмалар ва уларга ишланган безакли расмлар – миниатюралар маданий мероснинг ажралмас қисми сифатида ўзига хос ўринни эгаллайди. «Миниатюра санъати» ЮНEСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани муносабати билан илғор мамлакатларда Шарқ халқлари тарихига мурожаат қилиш, қўлёзмалар ва уларга ишланган миниатюра асарларини музейларда намойиш этиш, замонавий мусаввирларнинг ижодларида Ўрта аср китобат санъати анъаналаридан фойдаланиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу омилларни инобатга олган ҳолда айтиш жоизки, мазкур илмий тадқиқот иши долзарб масалаларни қамраб олган.
Шундан сўнг Зилола Асқарованинг “Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида аёллар образи” мавзусидаги 17.00.08 – Санъат назарияси ва тарихи ихтисослиги бўйича санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация иши кўриб чиқилди.
Илмий раҳбар – санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Акбар Хакимов. Расмий оппонентлар – санъатшунослик фанлари доктори Сурайё Алиева ҳамда санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Машариб Абдуллаев.
Бугунги кунда Республикамизда санъатшунослар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларда замонавий тасвирий санъатнинг ривожланишига таъсир этаётган муҳим омиллар ҳамда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни, гендер сиёсати ва санъатшуносликда ечимини кутаётган, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида аёллар образини очиб бериш ишнинг заруратини белгилайди.
Мазкур илмий тадқиқотда бир қатор муҳим жиҳатлар алоҳида таҳлил этилгани эътиборга молик.
Ҳимояларни Кенгаш раиси, санъатшунослик фанлари доктори Дилафрўз Қодирова олиб борди.
Диссертациялар катта қизиқиш ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
«Ўрта аср Шарқ миниатюрасида сюжет ва образлар бадиий талқини» ҳамда “Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида аёллар образи” мавзусидаги ёзилган диссертация иши ҳимоялари мувафаққиятли ўтди