Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Кенгашининг декабрь ойи мажлиси ўтказилди.
Кенгашда дастлаб ташкилий масала кўриб чиқилди ҳамда Ўзбекистон Бадиий академиясининг тегишли буйруғига асосан Эшмамат Хаитов Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори лавозимига тайинлангани эълон қилиниб, у институт жамоасига таништирилди.
Эшмамат Хаитов 1973 йил 5 апрель куни Қашқадарё вилоятида таваллуд топган. 1998-2002 йилларда Италиянинг Альдо Галли номидаги Нафис санъат Аакадемиясида Рангтасвир рассоми йўналиши бўйича таҳсил олган.
У 2012 йилдан бугунги кунга қадар институтнинг “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси мудири лавозимида фаолият олиб бораётган эди.
Шунингдек, Кенгаш мажлисида:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 16 июнда “Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик” мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича институтда ишлаб чиқилган Йўл харитасининг амалга оширилиши;
– институт профессор-ўқитувчиларини профессор ҳамда доцент илмий унвонларига тавсия этиш;
– институтнинг таянч докторантлари, мустақил изланувчиларининг докторлик диссертация мавзулари бўйича 2021 йилда бажарилган ишлари ҳисоботи;
– институтга қабул қилинган таянч докторант (РhD), докторантура (DSc) ва мустақил изланувчиларининг диссертация мавзуларини тасдиқлаш, илмий раҳбарларини тайинлаш;
– 2021-2022 ўқув йили бўйича институтдаги қабул натижалари;
– 1-курс магистрларнинг магистрлик диссертация мавзуларини, илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчиларини тасдиқлаш;
– институтда фаолият юритаётган илмий даражага эга ҳодимларга қўшимча ҳақ тўлаш бўйича Ишчи комиссияси таркибини тасдиқлаш;
– институт Ахборот ресурс марказининг 2021 тақвим йилдаги фаолияти ҳамда 2022 йилга ишлаб чиқилган иш режасини тасдиқлаш;
– институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган ўқув адабиётларни нашрга тавсия этиш;
– институтнинг “Одоб-аҳлоқ қоидалари” ҳамда “Ички тартиб қоидалари”ни тасдиқлаш;
– институтнинг Коррупцияга қарши курашиш “Komplaens назорат” тизимини бошқариш бўлимининг Низомини ҳамда институтда Коррупцияга қарши курашиш бўйича талаба-ёшлар клуби Низомини тасдиқлаш ;
Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича Кенгаш аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.