2018 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон Бадиий Академияси ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ташаббуси билан Ўзбекистон Бадиий академиясининг марказий кўргазмалар залининг конференция хонасида илк ўзбек рангтасвирчи рассоми Шамсирўй Хасанованинг хотираси ва ижодига бағишланган илмий семинар бўлиб ўтди. Илмий семинарда ЎзБА ҳамда институт раҳбарияти, докторант ва магистрантлари фаол иштирок этди. Илмий семинарни кириш сўзи билан институт Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор С.Ш.Алиева очиб берди. Семинарни олиб бориш учун сўзни ЎзБА Бош илмий котиби Ф.А.Абиджанова берди. Ф.Абиджанова ўз сўзида мазкур семинарни ташкиллаштиришдан ва ўтказишдан кўзланган мақсад ҳақида, ҳозирги давр ёш ижодкорларини ўзбек рангтасвирчи рассоми Шамсирўй Хасанованинг илк рангтасвирга қўйган қадами, қисқа умри даврида яратган ижодий асарлари хақида тўхталди. Семинар давомида сўз “Санъат назарияси ва тарихи” кафедраси ўқитувчиси Дилзода Аликуловага берилди. Д.Алимкулова томонидан “Рангтасвир маликаси Шамсрўй Хасанова” деб номланган маърузасида рассомнинг санъатга бўлган муҳаббати, гўзал хулқи, рассом томонидан яратилган портрет жанридаги ижодий асарлари, уларнинг ўзига хос яратилиш услуби, техникаси хақида маълумот берилди. Шу билан бир қаторда Шамсирўй Хасанованинг ҳаёти, айни мусаввира яшаган давр оғирликларига қарамасдан, ижод йўлида олиб борган машаққатлари, унинг рангтасвир сирларини ўрганишда таҳсил олган рассом устозлари ҳақида ҳам маъруза қилинди.
Иккинчи маърузачи ушбу кафедра ўқитувчиси Нигора Култашева “Шамсирўй Хасанова ижодида шарқ шоиралари портрети” номли маърузаси билан иштирок этди. У ўз маърузасида мусаввиранинг шахсий ҳаёти, ижоди тўғрисида яна бир бор тўхталиб ўтар экан, Ш.Хасанованинг умр йўлдоши машҳур рассом Чингиз Аҳмаровнинг рангтасвир рассоми сифатида юксак чўққиларга эришишида аёлининг ўрни, икки буюк рассомларнинг нафақат санъатга балки бир-бирига бўлган улкан, бетакрор муҳаббатлари ҳақида ҳикоя қилди.
Магистратура бўлими бошлиғи
Н.Б.Алиева