“Ижтимоий фанлар, педагогика
ва касбий таълим” кафедраси мудири,
фалсафа фанлари номзоди, доцент У.Утанова
Янги Ўзбекистон тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли барча жабҳаларда туб ўзгаришлар рўй бермоқда, халқимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури юксалмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида бўлиб ўтган муҳокамалар натижасида қабул қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” ги Фармони ҳамда 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” да амалга оширишга оид Давлат дастурининг имзоланиши давлат ва жамият ривожланишида янги ёндашувларни бошлаб беради.
Мазкур тарихий ҳужжат мамлакатимиз ривожининг муҳим фундаментал асосларини ўзида мужассам этган бўлиб, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимизда “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя устувор мезон этиб белгиланди. Стратегияда келажакка қатъий ишонч ва умид билан қараётган ҳар бир фуқарони рози қилиш мақсади кўзланган.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда еттита устувор йўналишни, шу билан бирга ҳар бир йўналишда белгилаб берилган вазифаларни бажаришга қаратилган юзта мақсадларни мужассам топганлиги билан ҳам аҳамиятли эканлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Ҳар бир устувор йўналиш Инсон қадрини улуғлашга йўналтирилганлигини билан ҳам муҳимдир.
Хусусан, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган тўртинчи устувор йўналишда олий таълим муассасаларида мамлакатимизни янада ривожлантириш учун олдимизда турган устувор вазифаларни профессионал даражада бажаришга қодир ёшларни тарбиялаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар белгиланган:
-олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш, бунинг учун эса олий таълим муассасалари имкониятларини ҳисобга олган ҳолда қабул квоталарини шакллантириш, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан белгилаш тартибини жорий этиш, Олий таълим тизимида масофавий таълим шаклини жорий этиш орқали ёшларни ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имкониятини янада кенгайтириш;
-давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш, шу жумладан улар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиётини йўлга қўйиш;
– 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва THE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш, бу борада эса салоҳияти ва ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, халқаро рейтингларга
киритиш бўйича 5 йилга мўлжалланган мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
-қарийб 100 минг ўринли талабалар турар жойларини барпо этиш, жумладан 2022 йилда18 800 ўринли 47 татурар жойларини барпо этиш, у ерда истиқомад қилувчи талабалар учун ҳар томонлама қулайликлар яратиш;
-2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини камида 50 тага, жами олий таълим муассасалари сонини 200 тага етказиш, Тошкент шаҳрига узоқ бўлган вилоятларда Нодавлат олий таълим муассасаларини ташкил этиш. Бу эса келажакда университет ва институтларнинг молиявий мустақилликка чиқариш учун замин бўлиб хизмат қилади;
-2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиб, амалда жорий этиш;
-муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилиб 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида1 минг долларга етказилиши каби мақсадлар белгиланганки, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистонда ҳам таълим-тарбия «ҳаёт-мамот» масаласига айланганидан далолат, албатта.
Маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқишга йўналтирилган бешинчи устувор йўналиш ҳам айнан таълим-тарбия жараёнига қаратилган бўлиб, “Ҳаракатлар стратегиясидан – тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, аҳолининг кенг қатлами ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, уларда турли ахборот ва ғоявий таҳдидларга қарши имунитетни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни ҳалқимизнинг бой тарихи, илмий-маданий мероси, миллий-диний қадриятларни ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилишга қаратилган бир қатор мақсадлар белгиланган.
Бугунги кунда санъат ва маданиятни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирини ташкил қилмоқда. Охирги йилларда санъатни ривожлантириш борасида кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шу ўринда муҳтарам Президентимиз томонидан 2020 йил 21 апрель куни имзоланган ПҚ-4688-сонли тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори айни ушбу соҳани ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг бешинчи устувор йўналишида ҳам тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш, аҳолининг бадиий-эстетик дидини юксалтириш, маданият ва санъат соҳаларини янада ривожлантириш, маданият муассасалари ва объектларининг моддий-техника базасини яхшилаш вазифалари қўйилди, бу эса айнан Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг тараққиёти, ривожи учун қўйилган яна бир қадам десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбарининг белгилаб берган вазифалари кенг имкониятлар эшигини очади ҳамда ҳар биримизга ўзига хос масъулиятни юклайди. Мазкур Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида келтирилган устувор йўналиш ва мақсадлар барчамиз учун улкан аҳамиятга эга бўлган дастурамалга айланади деб ишонамиз.