ТАСАВВУР ДУРДОНАЛАРИ

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Амалий санъат ва дизайн факультети “Меъморий ёдгорликлар безагини таъмирлаш” йўналиши 3-босқич талабалари – Шаҳризода Бекназарова ва Севара Эргашеваларнинг “Тасаввур дурдоналари” номли шахсий кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмани институтнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Дилафрўз Қурбонова очиб берди ҳамда бугун ёшларга ўз иқтидорларини намоён қилишлари учун барча имкониятлар яратилгани, ёшлар эса ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз касбининг етук мутахассиси бўлишлари лозимлигини, бугунги ижодкорларнинг асарларида ёшликка хос беғуборлик, соф туйғулар акс этгани, Ватанимиз манзаралари ғоятда гўзал талқин этилганини таъкидлаб, ижодкор ёшларга омад тилади.

Шунингдек, талаба-қизларнинг устозлари ҳам сўзга чиқар экан, ёшларнинг бугун фаоллигидан ғоятда мамнун эканлигини, бу ҳам бўлса ёшларга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик самараси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Барчамизга маълумки, институтда иқтидорли, ёш ижодкор талабаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий кўргазмалари мунтазам ташкил этиб бориш анаъанага айналган. Бугунги кўргазмада икки ёш ижодкорларимиз Бекназарова Шаҳризоданинг “Уйга қайтиш” , “Шаршара”, “Сокин водий”, “Қуёш жилваси”, “Тоғ ён бағрида гўзал табиат”, “Лангар қишлоғи” ҳамда Эргашева Севаранинг “Туйғулар олами”, “Шижоатли тўлқин”, “Денгиз”, “Қуёш ботиши”,“Сижжак манзараси” номли бир-бирини такрорламайдиган асарлари ўрин олган. Ижодкорларнинг асарини кузатар экансиз, унда табиатнинг гўзаллигини, нозик ва табиий рангларда холстга кўчирилганлигини кўришингиз мумкин. Тақдим этилган ижодий асарлар мумтоз, ўткир сюжетли манзара жанрида кенг фантазиялар диапозонида талқин қилинади. Оддий қаламда чизилган бу ишларнинг мавзулари бугунги кунда ҳам долзарблиги, инсон ва табиатнинг бир-бири билан боғлиқлигини улуғланиши билан ҳам муҳимдир.

Тадбир сўнгида ижодкор ёшларга институт ректори Аббосжон Мирозорахимовнинг табриги етказилиб, сертификатлар топширилди.

Ушбу ижодкорларимизнинг бундан кейинги фаолиятларига улкан зафарлар тилаб қоламиз.