Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Талабалар турар жойида Тасвирий санъат факультети томонидан Ўзбекистон халқ рассоми, «Шуҳрат» медали соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси Олтин медали совриндори, «Эътироф» мукофотининг «Йилнинг энг яхши ҳайкалтароши» номинацияси соҳиби, Ҳайкалтарошлик кафедраси профессори Жасвант Анназаров билан ижодий учрашув ташкил этилди.
Учрашув аввалида факультет декани Шихназар Жуманиязов бугун ёшларни ўз касбининг етук мутахассиси, улкан ижодкор бўлиб шаклланишида ўз устида ишлаш ва чуқур билим олиш билан бирга, ўз даврининг машҳур ижодкорлари билан учрашиш, уларни ҳаёт сабоқларини ҳам ўзлаштириш муҳим эканлигини, шу маънода эндиликда бу каби учрашувларни давомий ўтказиш режалаштирилганини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг Жасвант Анназаров ўзининг ижодкор бўлиш учун босиб ўтган ҳаёт йўли, ҳаётий тажрибалари, бугунги ўзбек ҳайкалтарошлиги ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди ҳамда мувафаққият қозониш учун мақсад қўйиш ва ушбу мақсад сари дадил илтилиш кераклиги, чалғитувчи нарсалар билан вақтини беҳуда сарфламаслиги зарурлигини алоҳида урғу бериб, ўз мувафаққият сирини айнан маълум бир мақсад сари тинмай интилишда эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, ёшларга бугун кенг имкониятлар яратилгани, улар эса бундан унумли фойдаланишлари лозимлиги ҳамда қатъият билан соҳа сир-асрорларини ўрганишлари керак эканлигини, меҳнатлар албатта, ўз самарасини беришини ўз ҳаёти билан боғлаган ҳолда тушунтириб ўтди.
Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, ҳайкалтарошнинг тасвирий санъатга кириб келиши, устозлари, ижодий сафарлари, шунингдек, ижодкорнинг бугунги кун Ўзбекистон ҳайкалтарошлиги ҳақида мулоҳазалари ва жаҳон ҳайкалтарошлигида Ўзбекистон амалиёти учун киритиш мумкин бўлган янги тенденциялар ҳақида маълумотларга эга бўлдилар.