Тадбирни мактаб директори Элбек Тожибоев кириш сўзи билан очиб, ҳамкорлик ўтказилаётган бундай хайрли тадбирлар, маҳорат дарслари келажак авлодимизнинг камол топишида улкан ҳисса қўша олишини алоҳида таъкидлади. Сўнг Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти доценти Хайрулла Қосимов, Амалий санъат ва дизайн факультети талабалари Арофат Одилова, Моҳинур Бердимуродова, Сайёра Тошпўлатова, Ҳурлиқо Раджабовалар иштирок этишиб, ўқувчиларга расм чизишдан маҳорат дарслари ўтиб беришди.
Тадбирда иштирок этган барча ўқувчилар ўзлари чизган расмларини меҳмонларга кўрсатиб, ютуқ ва камчиликлари ҳақида фикрлашдилар.
Амалий санъат ва дизайн факультети ўқитувчиси Хайрулла Қосимов ўқувчиларга рассомчилик санъати ва унинг ўзига хос сир-асрорлари ҳақида бир-биридан қизиқарли маълумотларни айтиб берди.
– Ўқувчиларимиз орасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик институтида ўқишни орзу қиладиганлари талайгина. Шунинг учун ҳам уларнинг илтимосларини инобатга олган ҳолда ушбу олий ўқув юртининг ректори Аббосжон Мирзораҳимовга мактабимиз ўқувчилари учун маҳорат дарслари ўтказиб беришда ёрдам сўраб, мурожаат қилган эдим. Йўлимиз узоқ бўлишига қарамай, институтнинг устозлари бошчилигида келган талабалар ўқувчилар учун мароқли, қизиқарли дарс ўтиб беришди. Бундай маҳорат дарсини ўқувчиларимиз анчадан бери интизорлик билан кутишган эди. Айниқса, талабаларнинг ўзлари чизган расмларини мактабимизга совға қилишлари бизни яна-да қувонтирди…
Шу қувончимизга сабабчи бўлган, мурожаатимизни эътиборсиз қолдирмай, шундай тадбирни ташкил этишимизга катта ёрдам берган институт ректори Аббосжон Мирзораҳимовга, Амалий санъат ва дизайн факультети раҳбарияти ва устозларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Жамиятимизда келажак авлод камолотига бефарқ бўлмаган мана шундай ҳақиқий инсонлар кўпайсин, – деди мамнуният билан мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси
Гулзебо Иброҳимова.
Тадбир сўнггида мактаб маъмурияти томонидан талабаларга бир-биридан қизиқарли китоблар туҳфа этилди.