Ректор ва ёшлар учрашуви

Ҳеч сир эмаски, юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ташкил этувчи ёшлар тарбияси, уларнинг сифатли таълим олишлари ҳамда соғлом ва баркамол авлод бўлиб вояга етишлари Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг бош мезонларидан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ёшлар билан мулоқот олиб бориш, уларни бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, Янги Ўзбекистон ғояси билан янада кенгроқ таништириш ҳар бир олий таълим муассасасининг олдида турган энг устувор вазифалардан биридир.

Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институт ректори Нодирбек Сайфуллаев «Ректор ва ёшлар учрашуви» тадбири доирасида Тасвирий санъат ҳамда Санъатшунослик ва музейшунослик факультетларининг биринчи босқич талабалари билан учрашди.

Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув аввалида Нодирбек Сайфуллаев ушбу ёшларни ҳаётларидаги янги босқич – талабалалик аталмиш даврга қадам қўйганлари билан яна бир бор табриклади ҳамда бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, барча соҳалар қатори олий таълим тизимида ҳам жуда улкан янгиланишлар, таълим олувчилар учун кўплаб имкониятлар яратилганини, ўз навбатида ёшлар ушбу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ўқиб, ўрганиб, келажакда Янги Ўзбекистон санъати ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишлари лозимлигини таъкидлади.

Институтда ёшлар билан мулоқот қилиш доимий анъана эканлигини, уларнинг ташаббуслари ва таклифларини амалга тадбиқ этишга доимо тайёр эканлигини баён қилиб, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан батафсил таништирди.

Жумладан, ёш иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини намоён қилишларига кенг имкониятлар яратиш мақсадида «Беш ташаббус – беш имконият», «Мустаҳкам оила – юрт таянчи” «Энг фаол санъатшунос», «Тамаддун бунёдкорлари» ҳамда «Қалбим ардоғидасиз, азиз устозим» каби танловлар ташкил этилди ҳамда ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Шунингдек, илк бор мазкур танловларда ғолиб бўлган асарлар жамланган «Ёш ижодкорлар» номли каталогнинг 3 та сони нашр этилди.

2019/2020 ўқув йилида «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси» илмий-амалий журнали ва «Мусаввир» газетаси нашр этилаётгани, талабалар ҳам ушбу нашрларни ҳам кузатиб боришлари баробарида, ўз фикрлари мақола ва ижод намуналари орқали уларнинг мазмунан янада бойишига хизмат қилишлари мумкинлигини ҳам маълум қилди.

Институтда бўлғуси ижодкор кадрларнинг юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар руҳига ҳамоҳанг тарзда ижод қилишларини таъминлаш мақсадида уларга бугуннинг талабидан келиб чиқиб, ижодий топшириқлар берилаётгани, натижада талаба-ёшлар томонидан юртимизда кечаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини ижодлари ва яратаётган асарлари орқали кенг оммага етказишлишига ҳам эришилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Шунингдек, талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласига тўхталиб, бу борада устуворлик биринчи босқич талабаларига берилганини айтиб ўтди. Шунингдек, тўлов шартнома асосида таҳсил олаётган талабаларга яратилаётган имкониятлар билан ҳам батафсил таништириб ўтилди.

Ўз навбатида, талаба-ёшлар ҳам институт ҳақидаги илк таассуротлари ҳақида тўхталар экан, аввало, касбий (ижодий) имтиҳонларнинг адолатли ва шаффоф тарзда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб, бунинг учун миннатдорчиликларини билдирдилар.

Институтда улар учун барча шароитлар яратилгани, устозлар ва ходимлар доимо уларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиб, билмаганларини ўргатиб келаётганини айтиб ўтишди. Шу қаторда ўзларини қизиқтирган барча саволларига ҳам институт раҳбарияти томонидан батафсил жавоблар олдилар.