Бугунги кунда дунёда 40 миллиондан ортиқ инсоннинг она тили ҳисобланган ўзбек тилининг жаҳонда тутган ўрни кун кундан юксалиб бормоқда. Бу тилнинг жозибаси ва салмоғи, унда яратилган ўлмас адабий асарлар жаҳонда ўз мавқейи ва ўрнига эга. Шунингдек, она тилимизнинг нуфузини оширишга, унинг асл ҳолида сақланиши ва ривожланишига хизмат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз, десак янглишмаймиз.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ўтказилган «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» номли маънавий-маърифий тадбирда айни шу борада сўз борди.

Анъанага мувофиқ мазкур тадбирда ҳам талаба-ёшлар билан биргаликда институтга бириктирилган маҳаллаларда истиқомат қилувчи ёшлар ҳам иштирок этишди.

Тадбир аввалида институт жамоаси томонидан тайёрланган ўзбек тилини улуғловчи шеърлар жамланмасидан иборат видеролик намойиши бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ҳабибулло Ражабов йиғилганларни Ўзбек тили байрами куни муносабати билан муборакбод этар экан, тил – инсонлар ўртасида мулоқот воситаси бўлиши баробарида, ҳар бир миллатнинг ўзлиги, қадриятлари, тафаккури ва тарихини акс эттирувчи муҳим ижтимоий воқелик эканлигини, хусусан, ўзбек тили ҳам кўп асрлик тарихий ривожланиш босқичларида ўзининг сўз бойлиги билан Алишер Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий ва бошқа дунё адабиётида муносиб ўрин тутган кўплаб буюк сиймоларни вужудга келтирганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, бугунги кунда она тилимизнинг ривожига қаратилаётган эътиборга тўхталиб, Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармон қабул қилингани ва унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланганини, ушбу фармон ижросининг таъминламиши натижасида тилимизнинг нуфузи кун сайин ошиб бораётганини, жумладан хорижий давлатларда ҳам ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ортганини мамнуният билан қайд этиб ўтди.

Тадбир меҳмонлари – таниқли шоира Марҳабо Каримова ҳамда филология фанлари номзоди Ҳалима Йўлдошевалар ҳам ўз она тилида сўзлаш ҳар бир инсоннинг улкан бахти, тенгсиз бойлиги эканлигини таъкидлаб, ўзбек тилининг жозибаси ва нафосатини акс эттирувчи гўзал шеърлар ва миллий адабиётимиз намуналаридан парчалар ўқиб беришди.

Талаба-ёшлар ҳамда меҳмон санъаткорлар томонидан ижро этилган гўзал шеърлар, куй-қўшиқ ва рақслар тадбирнинг янада файзли ўтишига замин яратди.