Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг 2021 йил 23 ceнтябрдаги 129-сонли буйруғига асосан Тасвирий санъат факультети декани Шихназар Жуманиязов, «Чизматасвир» кафедраси ўқитувчиси Зуҳриддин Қиёмовлар билан биргаликда 1 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрдик.
Мазкур хизмат сафари доирасида 2 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати (Жума шаҳри)да бир қатор тадбирлар ўтказдик.
Дастлаб мактаб директори Гулфинисо Қўчқорова бошчилигидаги педагог-ўқитувчилар ҳамда мактабнинг юқори синф ўқувчилари билан учрашув ўтказилди ҳамда бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунинг натижасида олий таълим тизимида бўлаётган ўзгаришлар, хусусан, бадиий таълим тизими ривожи учун берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, бу эътибор ва ғамхўрликнинг институт ҳаётига таъсири, ижодкор-ёшлар учун яратилган шароитлар, жорий этилаётган янгиликларга тўхталиб, юртимиздаги бадиий таълимнинг бугунги ривожида институтнинг ҳам ўзига хос ўрни бор эканлиги, бу даргоҳда ҳозирги кунда ўз ижодий ва илмий фаолияти билан нафақат юртимиз, балки жаҳон санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган таниқли устозлар ҳамда уларга муносиб издош бўлиб келаётган ёш иқтидорли педагоглар фаолият олиб бораётганини таъкидланди.
Ўқувчиларга институт ҳаёти ҳақида батафсилроқ маълумот бериш мақсадида дарс жараёнлари, иқтидорли талабалар ҳаёти, Талабалар турар жойида яратилган шароитлар акс этган видеороликлар ҳам намойиш этилди. Ўқувчилар ҳам ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олдилар.
Мактаб миқёсида «Янги Ўзбекистон менинг нигоҳимда» номли кўрик-танлов ўтказилиб, бу танлов мактаб ўқувчилари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ҳамда улар томонидан 100 га яқин ижодий ишлар тақдим этилди. Ғолиб ва совриндорлар институт томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
Айтиш ўринлики, мазкур мактаб-интернатини ўтган ўқув йилида жами 37 нафар битирувчи тугатган бўлиб, шулардан 26 нафари турли олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Хусусан, 12 нафар битирувчи Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси ҳисобланади.
Яна бир эътиборли жиҳати мазкур мактабда педагогларнинг аксарияти институтимиз битирувчилари бўлиб, бугунги кунда ижодий фаолият билан биргаликда ўз билим ва кўникмаларини ёш авлодга ўргатиб келишмоқда.
Келгусида институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларининг мазкур мактабларга ташрифларини ташкил этиб, ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳам келишиб олдик.
Сафар давомида Самарқанд шаҳридаги галереяда Самарқанд вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ва Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ташкил этилган «Устоз ва шогирд анъаналари» номли кўргазмага ташриф буюрдик ҳамда галереянинг фаолияти билан ҳам танишдик.
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлими рахбари Нуриддин Калонов билан учрашиб, келгусида талабаларни ўқув амалиётларини ташкил этиш, ўз навбатида, вилоятда ижод қилаётган ижодкорларни институтга ташрифаларини уюштириш ва бошқа кўплаб амалий ҳамкпорлик масалаларини муҳокама қилдик.
Маълумки, институтимизда талабалар контингентининг асосий қисмини ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларининг битирувчилари ташкил этади.
Шунингдек, хизмат сафарлари давомида ихтисослаштирлиган санъат мабтаб-интернатларига ташриф билан чекланиб қолмасдан, ушбу ҳудудларда жойлашган эътиборга молик маданий объектлар фаолияти билан ҳам танишиб келмоқдамиз.
Шу маънода, ушбу сафардан кўзланган асосий мақсад ушбу ёшларга институтнинг бугунги, унда амалга оширилаётган ишлар, талабаларга яратилаётган шароитлар билан яқиндан таништириш, провардида эса ёшлар қалбида олий таълимга бўлган ҳавас ва инстилишни янада ривожлантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш билан биргаликда, юртимизнинг бадиий таълими ривожи учун муҳим бўлган кўплаб масканлар фаолияти билан танишиб, келгуси ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдир.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори