Бугун Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон халқ рассоми, профессор, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Россия Бадиий академияси аъзоси Раҳим Ахмедов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган «Раҳим Ахмедов. 100 йил» номли шахсий кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари – Алишер Мирзаев ва Владимир Бурмакин, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Жамол Усмонов, санъатшунослик фанлари доктори Камола Акилова ҳамда рассомнинг яқинлари ва фарзандлари сўзга чиқиб, Раҳим Ахмедовнинг ижоди ҳамда яратган асарлари ўзбек санъати ва маданиятининг бебаҳо хазинаси эканлигини, ижодкор ўзидан кейинги барча авлод рассомларининг устози ҳисобланишини, шунингдек кенг тафаккури натижасида турли жанрларда ҳам ижод қила олгани, унинг ижодини ўрганиш ўзбек санъатшунослигининг ҳам ривожига улкан таъсир кўрсатганини алоҳида таъкидлашди.
Шунингдек, рассом нафақат ижодкор сифатида, балки раҳбар ва педагог сифатида ҳам санъат ва маданият ривожи учун беқиёс ҳисса қўшганини қайд этиб ўтишди.
Кўргазмада Раҳим Ахмедовнинг энг сара асарлари жамланган бўлиб, уларни ҳар бири ҳақида соатлаб гапириш, таҳлил этиш мумкин. Энг асосийси ушбу асарларда миллий руҳ ҳамда умуминсоний ғоялар акс этган.
Айтиш ўринлики, кўргазма жуда ҳам гавжум бўлиб, у ерда ўзбек санъатининг турли йўналишларида ижод қилаётган таниқли ижодкорларни, юртимиз ва хориждан ташриф буюрган санъат ихлосмандларини, Оммавий ахборот воситалари вакилларини, ёш ижодкорларни ҳам учратиш мумкин. Шу омилнинг ўзиёқ, рассомнинг ижоди ўзбек санъати учун нақадар улкан аҳамият касб этишигa ёрқин далилдир.
Ушбу тадбирда бошқа кўплаб таниқли олимлар, ва ижодкорлар қаторида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг педагогик жамоаси ҳамда талаба-ёшлари ҳам фаол иштирок этди.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори