Cўнгги йилларда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу муносабат билан куни кеча, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларнинг яшаш тарзи, одоб-ахлоқи, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳамда талаба-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш масаласига қаратилган профилактик ишларни амалга ошириш мақсадида, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш” мавзусидаги давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида Миробод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори У.Мирсалихов, институтнинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Ш.Эргашев, “Ижтимоий фанлар, педагогика ва касбий таълим” кафедраси доценти О.Отажонова, Хотин-қизлар маслаҳат Кенгаши раиси Г.Қобилова ҳамда институт психологи А.Алимовалар иштирок этишди.
Ушбу долзарб мавзу юзасидан тадбир иштирокчилари ўз фикрларини ҳаётий мисоллар билан билдириб ўтган бўлса, психолог томонидан талаба ёшларга мамлакатимиздаги гендер тенглик масалалари бўйича батафсил тушунча берилди. Шунингдек, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмуни ҳамда моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Эркин тарзда олиб борилган давра суҳбати давомида талабалар ҳам мавзу бўйича ўзларининг атрофлича фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир якунида А.Алимова томонидан тайёрланган хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашга чақирувчи тақдимот ва видеоролик намойиш этилди.