Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида 2022 йил учун таянч докторантура (PhD), докторантура (DSс)га ҳужжат топширган 15 нафар талабгорларнинг мутахассислик фанлари – “Санъат назарияси ва тарихи”, “Тасвирий ва амалий безак санъати” ҳамда “Музейшунослик. Тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш” ихтисосликлари бўйича имтиҳон бўлиб ўтди.
Имтиҳон аввалида институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бугунги кунда юртимизда илмий тадқиқот соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2021 йил 16 июнь куни «Олий таълим соҳасидаги ислохотлар натижадорлиги ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик» мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш олий таълим соҳасидаги устувор йўналишларнинг бири сифатида алоҳида таккидлангани ва уни ривонлантириш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилганини қайд этиб ўтди.
Шунингдек, институт миқёсида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб, институт ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий Кенгаш тузилиб, тадқиқотчиларнинг диссертация ишларини ҳимоя қилишлари учун имкон яратилгани ва шу кунга қадар 4 нафар тадқиқотчининг диссертация ҳимоялари муваффақиятли ўтказилиб, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлганини, шу қаторда, илмий йўналишда фаолият олиб бораётган ёш олимларнинг тадқиқот натижаларини илмий журналларда нашр этиш имконини яратиш мақсадида “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси” илмий-амалий журнали таъсис этилганини ҳам айтиб ўтди ҳамда бугунги талабгорларга омад тилади.
Мазкур имтиҳонда Ўзбекистон тасвирий санъати галереяси директори, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Камола Акилова комиссия раиси, институтнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор, тарих фанлари доктори Дилафрўз Қурбонова раис ўринбосари, Музейшунослик кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори Усмон Карабаев, Санъат тарихи ва назарияси кафедраси мудири, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дилзода Алимкулова ҳамда «Санъат» журнали Бош муҳаррир ўринбосари, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Бинафша Нодирлар аъзо сифатида талабгорларнинг мутахасисилик фанларидан билим салоҳиятини синовдан ўтказдилар.
Жорий йилдаги имтиҳонлар аввалгиларидан фарқли равишда Ҳукумат қарорига мувофиқ ижтимоий тармоқлар орқали жонли трансляция қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида, мазкур имтиҳонларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, талабгорларга қўйилган баллар ҳам шу куннинг ўзида ўқиб эшиттирилди.