Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Халқаро талабалар куни муносабати билан ўтказилаётган «Ижодкор талабалар» фестивали доирасида байрам тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ҳабибулло Ражабов бугун талабалик аталмиш умрнинг энг сермазмун палласида турган ҳар бир ёш, юртимизда уларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўқиб, ўрганиб, келажакда Янги Ўзбекистон санъати ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишлари лозимлигини ҳамда бунинг учун уларда билим, тажриба, маҳорат ва имконият мужассам эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, талабалар томонидан тақдим этилган куй-қўшиқлар миллий рақслар ва бетакрор саҳна кўринишлари тадбир меҳмонларига хуш кайфият улашди.
Тадбир сўнгида икки кун давомида «Ижодкор талабалар» фестивали доирасидаги тадбирларда ўз фаоллиги билан ажралиб турган ёшлар институт раҳбарияти томонидан дипломлар билан тақдирланди.
Қадрли талаба-ёшлар, сизларни Халқаро талабалар куни билан муборакбод этамиз! Ўқиш ва изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг. Зероки сиз, азиз ёшлар Янги Ўзбекистон келажагисиз!