Аввал хабар берганимиздек, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари – маҳобатли рангтасвир кафедраси мудири Илҳом Халилов, Дастгоҳли рангтасвир кафедраси доценти Абдумажид Сагатов, ушбу кафедранинг катта ўқитувчиси Умида Хамраева, Миниатюра ва китоб графикаси кафедраси профессори Аслиддин Калонов, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Шахло Абдуллаева Cанъат тарихи ва назарияси кафедраси доценти Фарида Максумовалар малака ошириш мақсадида Роccия Федерациясининг А.Л.Штиглиц номидаги Санкт-Петербург давлат Бадиий саноат академиясида бўлиб турибди.
Ушбу ташриф доирасида улар академия илмий ишлар бўйича проректори Татяна Ковалёва билан учрашдилар. Учрашув чоғида проректор А.Л.Штиглиц номидаги Санкт-Петербург давлат Бадиий саноат академиясининг илмий-тадқиқот фаолияти билан таништирди. Таништириш чоғида халқаро илмий-амалий анжуманларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, ушбу муассасада «Месмаҳер маърузалари» халқаро илмий-амалий конференцияси ҳар йили ўтказилади. Мазкур конференция дастури дизайн ва санъат соҳасидаги тарихий тадқиқотлар, замонамизнинг илмий-амалий лойиҳалари, дизайн таълими ривожланишини таҳлил қилиш ва прогнозлаш каби масалаларни ўз ичига олади.
2021 йилда конференция Академиянинг биринчи архитектори ва ректорига ҳурмат тариқасида «Устоз ва шогирд» мавзусига бағишланди. Маърузалар биринчи навбатда архитектура, дизайн ва амалий-безак санъати kabi mavzularni qamrab olgan bo’lib, иштирокчиларнинг мақолалар тўплами чоп этилdi. Улар билан Академиянинг расмий сайтида танишиш мумкин.
Бу ерда илмий-амалий анжуман ва кўргазмалар билан бир қаторда талабалар ўртасида ўз устозлари, мураббийлари ҳақидаги мақолалар, илмий изланишлар, инновацион лойиҳаларга бағишланган мақолалар учун турли танловлар ўтказилади. Ҳар бир ўтказиладиган конференция доирасида маълум бир мавзунинг кўргазмаси ҳам ташкиллаштирилади.
Айтиш лозимки, VII Бутунроссия миллий илмий-амалий конференцияси арафасида «Ёдгорлик тимсоли, белгиси ва рамзи» мавзусида қизиқарли тақдимот ва маърузалар тингланди. Шунингдек, Академиянинг амалий санъат музейида Академия профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан тайёрланган амалий санъат буюмлари кўргазмаси очилди.