Бугун (2 декабрь) Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига амалга оширилаётган хизмат сафаримиз доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Ташриф давомида ўз йўналишлари бўйича мамлакатда энг илғор олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланган А.Л.Штиглиц номидаги Санкт-Петербург давлат Бадиий саноат академиясида бўлиб, ўқув устахоналаридаги дарс жараёнлари билан танишиб, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар билан суҳбатлашдик.
Шунингдек, ушбу академиянинг ўз музейи ҳам бўлиб, унда академиянинг тарихи, бугунги кундаги фаолияти, ютуқлари борасида кўплаб маълумотлар ва экспонатлар жамланган.
Ушбу музейга ташриф ҳам катта таассурот уйғотди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ушбу академия 1876 йилда ташкил этилган бўлиб, узоқ йиллик тарихга эга таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, академия жамоаси билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, академия мутахассислари ўзбек тасвирий санъати, унинг намоёдалари, бугунги кунда юртимизда амалага оширилаётган ислоҳотлар ҳамда бунинг натижасида тасвирий санъат, дизайн соҳаларида содир бўлаётган ўзгаришлардан яхши хабардор эканликларини намоён этдилар.
Айрим профессор-ўқитувчилар эса юртимизда бўлгани ва илиқ таассуротлар олгани ҳақида батафсил ҳикоя қилиб беришди.
Шундан сўнг ташрифдан кўзланган асосий мақсад – академия ректори Анна Кислицина ҳамда муассаса раҳбарияти билан учрашув ўтказдик.
Учрашувда иккала олий таълим муассасаси ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди ҳамда якунда ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандумда илмий тадқиқотлар ва академик фаолиятга оид илмий тажриба ва илмий маълумотлар алмашиш, қўшма илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш, талабалар, магистрлар, фан докторларининг ўзаро алмашинувини ташкил этиш, биргаликда дарсликлар, ўқув қўлланмалар, маърузалар, услубий тавсиялар, илмий-амалий шарҳлар, луғатлар ва бошқаларни тайёрлаш, маданий тадбирлар ўтказиш, Қўшма таълим дастури фаолиятини йўлга қўйиш каби бир қатор муҳим масалалар ўз аксини топди.
Ташриф ҳамда самимий мулоқот учун миннатдорчилик билдирар экан Анна Кислицина, Ўзбекистоннинг бой ва қадимий маданияти ва санъати жаҳон ҳамжамияти ва соҳа мутахассислари томонидан юксак қадрланишини, ўзи ва академия жамоаси бугун ўрнатилган ҳамкорликдан жуда ҳам мамнун эканлигини ва улкан натижалар кутаётгани алоҳида қайд этиб ўтди.
Маълумки ушбу таълим муассасасида 15 ноябрдан бери институтимиз профессор-ўқитувчилари – Маҳобатли рангтасвир кафедраси мудири Илҳом Халилов, Дастгоҳли рангтасвир кафедраси доценти Абдумажид Сагатов, ушбу кафедранинг катта ўқитувчиси Умида Хамраева, Миниатюра ва китоб графикаси кафедраси профессори Аслиддин Калонов, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент Шахло Абдуллаева, Cанъат тарихи ва назарияси кафедраси доценти Фарида Максумовалар малака оширишмоқда.
Ташриф давомида улар билан ҳам учрашиб, бу ердаги шароитлар, малака ошириш жараёни билан батафсил танишдик ҳамда институтимиз билан бу ердаги дарс машғулотлари ўртасидаги фарқ, ютуқларимиз, ҳамкорлик қилишимиз ва ўрганишимиз лозим бўлган жиҳатлар, ижодий ва илмий муҳит ҳақида суҳбатлашдик.
Шундан сўнг, академия ректори Анна Кислицина ушбу профессор-ўқитувчиларимизга мазкур муассасада малака оширганликлари тўғрисида махсус сертификат ҳам топширди ҳамда бу ҳамкорлик алоқлари яна узоқ вақт давом этишини таъкидлади.
Сафаримиз давом этмоқда. Келгусида И.Репин номидаги Санкт-Петербург рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтига ташриф ҳам режалаштирилган.
Нодирбек Сайфуллаев,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик институти ректори.