ХУРШИД ЗИЁХОНОВ билан ижодий учрашув ташкил этилди.

Бугун, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Tалабалар турар жойида график рассом, Шухрат медали соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академиясининг «Олтин медали» соҳиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Маданият ходими ХУРШИД ЗИЁХОНОВ билан ижодий учрашув ташкил этилди.

Рассом 1999 йилдан буён юртимиздаги ва хорижий давлатлар (Голландия, Германия, Франция Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркманистон) даги шахсий ҳамда хамкорликдаги кўргазмалар иштирокчиси шу билан бирга Ўзбекистон ва халқаро биенналиларнинг доимий иштирокчиси.

Ижодкор асарлари Ўзбекистон санъат музейи, Кипрдаги Турк халқлари замонавий санъат музейи ҳамда галереялар билан бир қаторда Рассия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Голландия, Франция, Германия, Англия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Марокаш, Туркия, Хитой каби давлатларда хусусий коллекцияларда сақланади.
Хуршид Зиёхонов асли мутахассислиги бўйича график рассом бўлишига қарамай, бир неча йиллардан буён рангтасвирга бўлган муҳаббати сабаб мойбўёқда асарлар яратади.

Рассом жаҳон санъати меъросига қизиққан ҳолда сюреализм ва кубизм йўналишида шарқ тарихи, маросим, ривоятлар, фольклор мавзуларда тарихий ва афсонавий сюжетларга, шарқ миниатюраси ва халқ достонларига мурожаат қилган ҳолда бир ва кўп фигурали асарлар яратиб келмоқда. Мусаввирнинг Амир Темурга бағишланган триптих асарининг марказий қисмида геометрик шакллардан таркиб топган Амир Темур портрети.

Унда кичик мозайка бўлакларга бўлинган юз қиёфаси ва бу саркарданинг қиёфасида амирнинг Тахтда ўтирган холати иллюзик тарзда намоён бўлади. Шу билан бир қаторда амирнинг бунёдкорлигию, яратган боĝлари моҳирона тасвирланган.

Ижодкор учрашувда талабалар билан бўлган савол – жавоблар билан бир қаторда болалик ҳотиралари, талабалик йиллари, етуклик даври, яратган асарлари, ишлаш техникаси, кўргазмалари, юртимизнинг бугунги санъати ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.

Хуршид Зиёхоновга бугунги самимий суҳбат ва каталог учун миннатдорчилик билдирамиз.


Талабалар турар жойи тарбиячи педагоги
Гўзал Баҳромова