Бугун, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассолик ва дизайн институтида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” куни муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Миробод туман суди раиси Сардор Содиқов, Жиноят ишлари бўйича судьяси Сурайё Хўжамқулова, Миробод тумани ИОФМБ ХПБ вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳи бошлиғи подполковник Самариддин Зайниддинов, шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари, тюторлар ва талабалар иштирок этишди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, бугун ислоҳотлар юртимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб борди. Бунинг натижасида халқимизнинг онгу-тафаккурида эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишонч шаклланди. Бироқ мана шундай улкан ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир этувчи иллатлар афсуски, ҳали ҳам мавжуд. Йиллар давомида жамиятимиз тараққиётига тўғаноқ бўлган салбий тушунчалардан бири бу – коррупциядир.
Давлатимиз раҳбари раҳнамоликларида мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланадиган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Бу ўзгаришлар натижасида бугун, коррупция юртдошларимиз онгидан ҳам чекиниб бормоқда. Шу билан бирга, жамият ривожига тўсқинлик қилувчи бу иллатнинг юртимиз келажаги билан бевосита боғлиқ бўлган таълим соҳасида мавжуд бўлишига албатта йўл қўйиб бўлмайди.
Институт масъуллари бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётгани, бунинг натижасида барча cоҳаларда шаффоф муҳит шакллангани жумладан, институтда қабул жараёнларидан бошлаб барча босқичларда коррупция ҳолати кузатилмаслиги учун барча чоралар кўрилганлигини таъкидлаб ўтди.
Талабалар ҳам таълим жараёнида бу каби хунук ҳолатга умуман дуч келмаганини қайд этиб ўтишди ҳамда масъулларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Профессор-ўқитувчилар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва олий таълим тизими ходимларига берилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини алоҳида таъкидлаб, бу эътиборга муносиб бўлиш учун тинмай изланиш ҳамда коррупция каби ҳолатларга аралашмаслик, институтда бу ҳолат содир бўлишига йўл қўймасликларини таъкидладилар.