Бугун Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Ўзбекистон Бадиий академияси ва институт раҳбарияти ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирокида навбатдан ташқари мажлис бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, институт ректори этиб тайинланган Аббосжон Шодмонович Мирзораҳимов жамоа аъзоларига таништирилди.
Маълумки, Президент Администрацияси шўба мудири лавозимига тайинланиши муносабати билан Нодирбек Бахтиёрович Сайфуллаев ушбу лавозимдан озод қилинди.
Тадбирда сўз олган Нодирбек Сайфуллаев 3 йилга яқин вақт давомида биргаликда меҳнат қилган ва кўплаб муваққиятларга эришишда елкадош бўлган институт жамоасига ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда келгусида ҳам бу каби зафарлар ёр бўлишини тилади.
Аббосжон Мирзораҳимов ҳам Нодирбек Сайфуллаевга ўтган вақт давомида институт шунингдек, юртимиз бадиий таълими ривожи учун олиб борган самарали фаолияти учун миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам ўз тажриба ва маслаҳатлари орқали бу фаолиятини давом эттиришига умид билдирди ҳамда янги фаолиятига мувафаққият тилади.
Шунингдек, институт жамоаси билан бадиий таълим ривожи кўзланган умумий мақсад йўлида биргаликда меҳнат қилишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Айтиш ўринлики, институтда ўтган уч йил давомида бир қанча ўзгаришлар ва янгиланишлар содир бўлди. Хусусан, институтда Илмий даражалар берувчи илмий Кенгаш ташкил этилиб, унда шу вақтгача 8 та диссертация ҳимояси ўтказилган бўлса, «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси илмий-амалий журнали» ва «Мусаввир» газетаси нашр этилди. Журнал Оак рўйхатига киритилган ҳамда Google Scholar рўйхатига киритилиб, индексацияланди.
2019 йилда институт илмий салоҳияти 22 % ни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу 34 % ни ташкил этмоқда.
Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан ўтказилган аттестациядан мувафаққиятли ўтиб, Давлат аккредитацияси ҳақида сертификатни қўлга киритди.
Шунингдек, талабалар учун бир қанча ижодий кўрик танловлар ташкил этилиб, уларнинг ижодий асарлари «Ёш ижодкорлар» номли каталогнинг бир қанча сонларига жамланиб борилди.
Институт жамоаси номидан Нодирбек Сайфуллаевга янги лавозимда улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.