Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларнинг якуний назорат кўриклари давом этмоқда.


Жумладан, бугун Амалий санъат ва дизайн факультети 1-босқич талабалари ҳамда Тасвирий санъат факультети 2-босқич талабалари мутахассислик фанларидан ўз ижод маҳсулларини устозлари кўригидан ўтказдилар.

Амалий санъат ва дизайн факультетида биринчи босқич талабалари илк бор олий таълим муассасасида бу каби кўрикларда иштирок этмоқда.

Албатта, бу жараён устозлар учун ҳам талабалар учун ҳам ўзига хос муҳим жиҳат ҳисобланади. Негаки, ушбу талабаларнинг ижодий потенциалини ҳозирдан аниқлаш, уларга етарлича йўл-йўриқ кўрсатиш айни шу жараёнларда улар томонидан тақдим этилган вазифаларга боғлиқ. Бир сўз билан айтганда, биринчи босқич талабаларининг салоҳияти намоён бўладиган давр.

Чизматасвир кафедраси доценти Хайрулло Қосимов раислигидаги комиссия аъзолари айни шу жиҳатларни алоҳида таҳлил этди.

Шунингдек, Тасвирий санъат факультетида 2-босқич талабаларининг ҳам ижодий потенциали Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, профессор Баҳодир Жалолов бошчилигидаги комиссия аъзолари томонидан баҳоланди.