Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ректор, проректорлар, факультет деканлари, кафедра мудирлари ва бўлим бошлиқлари иштирокида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида ташкилий масала кўриб чиқилди ҳамда институтда амалга оширилган бир қанча лавозим тайинловлари ҳақида маълумот берилди.

Унга кўра институт ректорининг тегишли буйруғига асосан:


Обиджон Абдуллаев – Санъат тарихи ва назарияси кафедраси мудирлигига;

Равшан Норчаев – Амалий графика ва бадиий фотография кафедраси мудирлигига тайинланди.

 

Мажлисни очиб берар экан, институт ректори Аббосжон Мирзорахимов 7 февралдан институт тўлиқ анъанавий таълимга ўтаётгани, бу эса барчамиздан янада масъулият талаб этишини, жумладан, институт ҳудудида карантин қоидаларига амал қилиниши, дарс жараёнлари ва ундан ташқари вақтларда ижтимоий масофа сақлаш, барчанинг ниқобда бўлишини қатъий назорат қилиш, талабалар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, институтнинг ҳар икки биноси ва талабалар турар жойини антисептик ва бошқа зарурий воситалар билан тўлиқ таъминлаш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, ҳар бир ходим атрофидагиларнинг тақдирига лоқайд бўлмаслиги, ҳамкасбларини қийнаётган муаммоларидан хабардор бўлиши бугунги кун талаби эканлигини, яқинда рўй берган ҳолатдан ҳамма хулоса чиқариши шарт эканлигини қайд этди.

Мажлисда шунингдек:
– институт ректорининг 2022 йил 27 январдаги 18-U-сонли буйруғи ижроси;

– январь ойида институтга юқори ташкилотлардан келиб тушган ҳужжатларнинг ижроси;

– 2021 йил 4-квартал бўйича пул сарфланиш ҳолати, 2022 йил прогнози, 2022 йил cентябрь ойигача режалаштирилган тушумлар ҳолати;

– институтнинг умумий молиявий ҳолати;

– ўқув жараёнининг анъанавий шаклга ўтишига тайёргарлик кўриш каби институт фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ушбу масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, булар бўйича мажлис иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.